Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:43

“Ўзбекистонлик жосуслар” жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди


Алишер Тожикистон Олий суди Ўзбекистоннинг икки фуқаросига нисбатан Сўғд вилояти суди ҳукмига норозилик сифатида киритилган кассация аризасини кўриб чиқиб, ҳукмда белгиланган жазо муддатларини ўз кучида қолдирди.

Олий суд жазони аввалги ҳукмда кўзда тутилганидек умумий эмас, балки ўта қаттиқ тартибли колонияда ўташга ўзгартирди.

Ўзбекистон фуқаролари Ҳасанов ва Эргашев Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жорий йил январда чегарадан ноқонуний ўтганликда айбланиб қўлга олинган эди. Тинтув вақтида улардан Тожикистон Республикаси сиёсатига қарши чақириқлар битилган варақалар топилган.

Расмий маълумотларга кўра, бу фуқаролар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бўлиб, улар Тожикистонда парламент сайлов олдидан қўпорувчилик ва жосуслик қилиш учун ушбу мамлакат ҳудудига ўтган.

“Ленинабадская правда” газетасида ёзилишича: “Эргашев Ўзбекистон МХХнинг штатдаги офицери бўлиб, вилоятдаги Зафаробод туманида сайлов кампаниясини бузиш ва Тожикистондаги қонуний ҳокимиятга қарши чорловчи ташвиқотлар қилган. Бундан ташқари, вилоятдаги, асосан, ўзбеклар яшайдиган Спитамен ва Жаббор Расулов туманларида ҳам шундай жосуслик тадбирлари вақтида қўлга олинган”.

Кузатувчиларнинг билдиришича, вилоятдаги ҳукумат нашрлари ҳисобланадиган “Ленинабадская правда”, “Ленинобод ҳақиқати” ва “Ҳақиқати Ленинобод” газеталарининг бир неча сонида Ўзбекистонга бағишланган мақолалар босилган. Бу мақолаларда, асосан, қўшни давлатнинг Тожикистонга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари, жосуслик амалиётлари ҳақида гапирилган. Мақолалар вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси томонидан тайёрланган.

Бу газеталарнинг 20 август сонида босилган “Мамлакат душманлари жазоланди” сарлавҳали мақолада сўнгги вақтларда қўшни давлатдан Тожикистонда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳоллари кўпайгани таъкидланади. Мақолада сўнгги 2 йил мобайнида Ўзбекистон фуқаролари Галиев, Сатторов, қўшни давлатнинг Тожикистондаги агентлари Мамадохунов, Тожикистон Олий кенгашининг собиқ депутати Жўрақулов (лақаби Холмат лақай) каби бир неча айғоқчи қўлга олингани ёзилади.

Бироқ Ўзбекистон МХХ юқорида номлари тилга олинган шахсларнинг мазкур ташкилотга дахлдорлигини инкор этмоқда.

МХХ вакили Олим Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, бу шахслар, жумладан, Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилгани айтилаётган Тожикистон фуқаролари ҳам МХХга алоқадор эмас.
XS
SM
MD
LG