Линклар

“Фергана.ру” фестивалдан четлаштирилди


Феруза “Фергана.ру” ахборот сайти Ўзбекистонда ўтказилаётган миллий Интернет фестивалида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Фестиваль ташкилотчилари ва жюри аъзолари шундай қарорга келди.

Фестиваль мувофиқлаштирувчиси Александр Сучковнинг маълум қилишича, танловда иштирок этаётган сайт анжуман бошланганидан тугагунга қадар ишлаб туриши шарт. “Фергана.ру” Ўзбекистонда кўплаб мухлисларга эга бўлишига қарамай, танловнинг биринчи босқичида – апрель-май ойларида бир очилиб, бир очилмай турган. Андижон воқеаларидан кейин эса Ўзбекистонда сайтга бутунлай тўсиқ қўйилган. Ўзбекистонликлар фестиваль тугуганга қадар ундан фойдалана олмаслиги сабабли мазкур сайт танловдан чиқарилган.

А.Cучков “Фергана.ру”нинг фестивалдан четлаштирилиши фақат техник муаммолар билан боғлиқлигини, танлов сиёсий тадбир эмаслигини бот-бот таъкидлади.

“Ўзбектелеком” компанияси вакили эса Ўзбекистонда “Фергана.ру”га тўсиқ қўйилиши муаммосини сайт раҳбарияти мамлакат ҳукумати билан ҳал қилиши лозимлигини билдирди.

“Фергана.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кислов сайтнинг фестивалдан четлатилиши сабабларини бошқача изоҳлади.

“Бу Ўзбекистон ҳукуматининг бизга қарши олиб бораётган тарғиботлари натижаси бўлса керак. Жуда кўп кишилар “Фергана.ру” ёки “Центразиа.ру” сайтларини давлатга, сиёсатга қарши деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, биз ҳамма қатори оддий ОАВмиз. Бироқ Ўзбекистонда тўғри гапни айтадиган, воқеликни холис ёритадиган ОАВни ҳукумат хоҳламайди. Мамлакатдаги барча ташкилотлар ва нодавлат муассасалар, ОАВ ва провайдерлар ҳукумат назорати остида”, - деди Д.Кислов.

Интернет фестиваль мувофиқлаштирувчиси А.Сучковнинг билдиришича, танловда 14 номинация бўйича ғолиблар аниқланади. Ҳозир уч босқичли танловнинг иккинчи босқичи бошланган. Дастлаб фестивалга мингга яқин сайт вакилларидан ариза тушган. Аммо айни пайтда унда 600 дан ошиқроқ сайт иштирок этмоқда.

Интернет фестивали жорий йилнинг сентябрь ойида якунланади. 22-23 сентябрь кунлари ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG