Линклар

logo-print

Диндор маҳбуслар бошқа маҳкумлардан айри сақланмоқда


Қаршидаги қамоқхонада диний айблар билан қамалган маҳбуслар алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда сақланмоқда. Уларнинг диний бўлмаган айблар билан қамалганлар билан мулоқот қилиши қатъий тақиқланган.

Бу ҳақда диний айблар билан қамалган ўғли мазкур қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаров маълум қилди.

Марғилонлик А.Мадумаровнинг фарзандлари Абдулло, Ҳабибулло, Ҳамидулло ва жияни Абдулаҳад 1999 йил февраль воқеаларидан кейин “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Андижон фожеаларидан сўнг улар сафига ҳуқуқ ҳимоячисининг яна бир жияни - Абдулсамад қўшилди.

Яқинда А.Мадумаров ўз яқинларини кўргани улар сақланаётган жазони ўташ муассасаларида, жумладан, Қаршидаги қамоқхонада бўлди.

“Бу қамоқхонада диндор маҳбуслар бошқа маҳкумлардан алоҳида ажратиб қўйилган. Уларнинг ўзаро мулоқот қилишига рухсат йўқ. Бошқа моддалар бўйича айбланиб қамалганлар диндорлар билан гаплашса, уларга нисбатан жазо чоралари қўлланилар экан. Ўғирлик, фирибгарлик, безорилик каби жиноятлари учун қамалганлар диндор маҳбуслар билан кўпроқ мулоқотда бўлгандан кейин намоз ўқий бошлагани учун маъмурият шундай йўл тутаётган экан”, - деди А.Мадумаров.

А.Мадумаровнинг айтишича, Қаршидаги 49-зона бошлиғи ўринбосари Шеробод Маҳмудовнинг маҳбусларни хўрлаши, қийнаши, таҳқирлаши ҳақида жуда кўп гапирилган. Бу одам учун маҳкумларга шундай муомала қилиш роҳат бахшлайдиган бўлиб қолган.

А.Мадумаров қамоқхона назоратчиларидан айримларининг диний ва сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларга муносабати ижобий томонга ўзгарганига гувоҳ бўлганини билдирди.

А.Мадумаров Марғилондаги “Ёвқочар” маҳалласида яшайди. Мазкур маҳалла аҳли ҳуқуқ ҳимоячисининг фарзандларини озодликка чиқаришни сўраб, кўп идораларга, жумладан, Ўзбекистон президентига ҳам мурожаат қилган. Бироқ натижа бўлмаган.
XS
SM
MD
LG