Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:02

Фоҳишаларнинг ижтимоий хавфи жуда юқори


Саида Маълумотларга кўра, яқинда Индонезия пойтахти Жакартада ўтказилган полиция рейди вақтида қўлга олинган хорижлик 63 фоҳишанинг икки нафари ўзбекистонликдир. Бу фоҳишалар Жакартадаги караокелар ва тунги барларда танфурушлик қилган.

Индонезия полицияси шу кунларда фоҳишаларни ўз мамлакатига депортация қилиш устида иш олиб бормоқда.

Электрон ОАВлар тарқатган хабарларда ёзилишича, бугунги кунда Ўзбекистон чет элларга фоҳишалар етказиб бериш бўйича дунёда етакчи ўринларга чиқиб олган. 2004 йилда биргина Исроилдан ўзбекистонлик юзлаб фоҳиша депортация қилинган.

Ўзбекистонлик аёллар қандай йўллар билан хорижга чиқиб кетаётгани, шу вақтгача уларнинг қанчаси ўз юртига қайтарилгани тўғрисида расмий маълумот топиш қийин. Чунки четга чиқиб кетган хотин-қизларни ватанига қайтариш билан шуғулланувчи Ўзбекистондаги ягона “Иқтиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилотидан ҳам, мамлакат Ички ишлар вазирлигидан ҳам бу ҳақда маълумот олиш мушкул.

Таҳлилчи Олмос Қодирова сўзларига қараганда, ўзбекистонлик хотин-қизлар иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида чет элга чиқади. Уларнинг кўпчилиги ўзга мамлакатда нима иш билан шуғулланишини аввалдан билмайди ва алдов қурбони бўлади. Бу ёпиқ бизнес бўлиб, Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида бу бизнес қурбонларини топиш билан шуғулланадиган воситачилар бор.

О.Қодированинг айтишича, сўнгги вақтларда ўзбекистонлик 21 ёшгача бўлган қизларни чет элга олиб чиқиб кетиш ҳоллари кўпайган. Уларнинг аксарияти комсумация, яъни пулдор мижознинг кўнглини хушлаш орқали пулини олиш билан шуғулланади.

Фарғона водийсилик Зиёда шартнома асосида олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган. Шартнома пулини тўлаш учун иш излаб юрганида кўчаларда ёпиштирилган бир эълон бўйича мурожаат қилган. Зиёданинг таъкидлашича, унга Бирлашган Араб Амирлигида ресторанларда идиш-товоқ ювиб, яхшигина пул топиши мумкинлиги, йўл харажатларидан эса қайғурмаса ҳам бўлишини айтишган.

Зиёда ўзи ўқийдиган университетдан бир йиллик таътил олиб, бу каби эълонлар орқали чет элга ишлашга кетган қизлар борлигини билдирди.

“Пи-Эс-Ай” аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Индира Аҳмедованинг фикрича, чет элларда фоҳишалик билан шуғулланиб қайтган хотин-қизларнинг жамият учун ижтимоий хавфи юқори. Биричи галда, улар турли касалликлар тарқатувчидир.

“Ташкилотимиз ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланадиган аёлларнинг 20 фоизи ОИТВ билан оғриган. Агар улар сафига хорижда танфурушлик қилиб қайтганларни ҳам қўшсак, бунинг ижтимоий хавфи қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас”, - деди И.Аҳмедова.

Норасмий манбаларнинг билдиришича, жорий йил октябрь ойида Тошкентда одам савдосига қарши курашувчи ташкилотларнинг йирик анжумани ўтказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG