Линклар

Сирдарёда янги ўқув йилига тайёр бўлмаган мактаблар бор


Лобар Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолган бўлишига қарамай, Сирдарё вилоятида ўқув мавсумига ҳали ҳам тайёрлаб бўлинмаган мактаблар сони анчагинани ташкил этади.

Жорий йилда вилоятда 44 та мактаб таъмирланиши керак эди. Таъмир январда бошланиб, 4 ой давомида тугатилиши режалаштирилганди. Аммо орадан 8 ой ўтса ҳамки, айрим мактабларда таъмирлаш шу кунгача давом этяпти. Хусусан, Мирзаобод туманидаги 9, 10-мактабларда, Гулистон шаҳридаги 14-мактабда шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Шу мактабларда бирида қурилиш олиб бораётган “Мирзачўлқурилиш” трестига қарашли 3-кўчма механизациялашган колонна иш юритувчиси Абдурашид Хўжабековнинг сўзларига кўра, маблағ ўз вақтида ажратилмагани сабабли мактаб таъмирини белгиланган 4 ой муддатда тамомлашнинг имкони бўлмаган.

Қурувчилар эса айни пайтда қурилиш материаллари етарли бўлса-да, ишлашни хоҳламаётганини айтади.

“2 ойдан бери ишлаяпмиз, аммо маош йўқ. Раҳбарлар банкда пул йўқлигини баҳона қиляпти. Биз оғзаки шартнома билан ишлаётганимиз учун тилимиз қисиқ”, - дейди ишчилар.

Мирзаободдаги 9-мактаб ўқитувчиси Исроил Ризаевнинг эътирофича, мактабда таъмирлаш бошланиши муносабати билан аввалги ўқув йилининг ярми давомида дарслар турли идораларда, уйларда, шароити йўқ биноларда ўтилган. Бу эса таълим сифатида салбий таъсир қилган.

Ота-оналар эса ўтган ўқув йилида деярли дарслар бўлмаганини билдирди. Уларнинг таъкидлашича, ҳатто битта спорт залида бирданига учта синфга турли фанлардан дарс ўтишга тўғри келган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Тўлқин Қобиловнинг маълум қилишича, жорий йилда Сирдарёда 44 та мактабни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача таъмирлаш ишларининг деярли 98 фоизи якунланган. Янги ўқув йилигача қолган ишлар ҳам бажарилади.

Аммо ота-оналар бу ваъдаларга ишонаётгани йўқ. Уларнинг айтишича, мактабларнинг фақат сирқи томонида иш битирилган.

“Сентябрнинг ўрталарида пахта терими бошланади. Ўқувчилар пахтага олиб кетилади. Ўша пайтда таъмир ҳам битказиб олинса керак”, - дейди ота-оналар.
XS
SM
MD
LG