Линклар

МДҲ парокандаликка юз тутяптими?


Тўлқин 26 август куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошчилигидаги делегация МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига жўнаб кетди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Беруний Олимовнинг билдиришича, И.Каримов саммит доирасидаги музокаралардан ташқари Қозон шаҳрининг 1000 йиллигига бағишланган расмий тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистонлик кузатувчилар МДҲнинг бу саммитидан ҳам ташкилот фаолиятини жонлантириши мумкин бўлган амалий натижалар кутиш амри маҳол эканини айтмоқда.

Сиёсатшунос Тошпулат Йўлдошевнинг таъкидлашича, МДҲ мавҳум ташкилотга айланиб қолган. Унинг аъзолари бўлмиш Украина ва Грузия демократик давлатлар ҳамжамиятини тузишга киришган. Озарбойжон, Молдова ва Туркманистон ҳам мустақил ташқи сиёсат юритмоқда. Бу шуни кўрсатадики, МДҲ доирасида Россияга эргашадиган бор-йўғи бешта давлат қолган. Шунинг учун саммитда алоҳида эътиборга лойиқ бирор қарор қабул қилинишини кутиш мушкул.

Кузатувчилар МДҲ таркибидаги мамлакатларда сўнгги вақтларда юз берган сиёсий ўзгаришлар ташкилотнинг тобора парокандаликка юз тутишига олиб келаётганини таъкидламоқда.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов бунинг сабабларини ташкилотнинг пайдо бўлиш тарихидан излаш кераклигини айтди.

“МДҲ аслида собиқ совет давлатида юз берган давлат тўнтариши (Россия, Беларусь ва Украина раҳбарларининг 1991 йилда Беловежская пушчадаги қарори назарда тутилмоқда) маҳсулидир. Демак биз шу пайтгача аслида ноқонуний ташкилот билан муносабат олиб боряпмиз. Бунинг натижалари бугунги кунда билиняпти. Бундан ташқари, шу кунгача бу ташкилот асослари концептуал жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилмаган. Масалан, ташкилот низомида МДҲ қандай тузилма экани кўрсатилмаган. Ташкилотнинг 14 йиллик фаолияти давомида амалий натижалар кузатилмади”, - деди Ф.Толипов.

Т.Йўлдошевнинг эътирофича, илгари МДҲ аъзолари биргаликда ҳал қилиши лозим бўлган муаммолар, тузумлардаги умумийликлар жуда кўп эди. Жумладан, улар ўртасида савдо, иқтисодий алоқалар мавжуд эди. Ҳозир эса бу алоқалар анча сусайган. Давлатларнинг бирлашиши эмас, тарқоқлашуви жараёни кузатиляпти.

Т.Йўлдошев Қозон саммитида гуманитар масалаларда бирор келишувга эришишни кутиш мумкинлиги, аммо муҳим геосиёсий масалаларда якдиллик бўлишига кўзи етмаслигини билдирди.

Унинг фикрича, МДҲ Россия учун собиқ иттифоқ ҳудудидаги етакчилигини эслатиб туриш учун керак. Ўзбекистон эса бу тузилмадан МДҲ давлатларини АҚШга қарши қўйишда фойдаланишга интилади.

Ф.Толипов 1992 йилда МДҲга аъзо давлатлар ўртасида жамоавий хавфсизлик тизими ташкил этилгани, аммо бу тизимга фақат 6 давлат қўшилгани, ягона иқтисодий макон яратиш ҳаракатлари эса янада камроқ ҳудудни қамраб олганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, шундай вазиятда эндиликда МДҲга аъзо мамлакатлардан бирор қарорнинг якдиллик билан қабул қилинишини кутиш мантиққа зиддир.
XS
SM
MD
LG