Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари биргаликда машқ ўтказади


Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ва Россия Қуролли кучлари бўлинмалари сентябрь ойида Ўзбекистон вилоятларидан биридаги тоғли ҳудудда ҳамкорликда ҳарбий машқлар ўтказишга келишилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан бу хабарларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати вакили Николай Барановнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Россия президентига Ўзбекистон билан биргаликда аксилтеррор машқлари ўтказиш таклифини Россия парламенти киритган.

Н.Баранов бу машқлар қандай тартибда ўтказилиши ҳақида ҳозирча маълумот бера олмаслигини билдирди. У Ўзбекистон билан биргаликда бундай кенг кўламдаги биргаликдаги машқлар биринчи марта ўтказилаётгани, аммо илгари нега бундай амалиётлар бўлмаганини билмаслигини таъкидлади.

“Вести.уз” сайти хабарига кўра, Ўзбекистонда 19-24 сентябрь кунлари бўладиган машқларда Россия томонидан Псков шаҳрида жойлашган 76-ҳаво десанти дивизиясининг парашютчи десантчилар ротаси иштирок этади.

Россия ҳарбий ҳаво кучлари штаби матбуот хизмати вакили капитан Николай Дюшкиннинг хабарда келтирилган сўзларига кўра, бу машқлар аксилтеррор сценарий асосида ўтказилади. Ундан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистон ва Россия десантчиларининг тоғ шароитида террорчиларни топиш ва уларни йўқ қилишга қаратилган биргаликдаги ҳаракатларини амалда синаб кўришдир.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ўз исмини ошкор этмаган бир ходими таъкидига кўра, бу машқларни ўтказиш бўйича қарийб бир йилдан буён музокаралар олиб борилмоқда. Ҳозир ҳар икки томон машқлар ўтказилишига розилик билдирган.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқнинг айтишича, Афғонистонда террорчи ташкилотлар фаолиятига барҳам берилмаган бир шароитда бундай биргаликдаги машқлар Ўзбекистон армияси учун ҳар томонлама фойдалидир.

“Россия ҳукумати ҳозир Афғонистондан келадиган терроризм хавфига эътибор қаратмай, энг аввало, собиқ иттифоқ давлатларидан тузилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Россия АҚШ билан муносабатлари совуқлашган Ўзбекистонни шу ташкилотга қайтариш учун бор имкониятини ишга соляпти. Аммо бу бефойда ташкилот”, - деди М.Абдураззоқ.
XS
SM
MD
LG