Линклар

Камолиддин Раббимов: “Ўзбекистон Сенати жуда кечикди”


Тўлқин Ўзбекистон Сенати томонидан АҚШнинг Хонободдан чиқиб кетишига қаратилган қарор қабул қилиниши маҳаллий кузатувчилар ва таҳлилчилар ўртасида қизғин мунозарага сабаб бўлмоқда.

Улар Ўзбекистон ҳукумати АҚШга ҳарбий базани олиб чиқиш тўғрисида ультиматум қўйганидан сўнггина бу масала Сенатда кўриб чиқилганига эътибор қаратяпти.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг фикрича, бир мамлакатдан иккинчи мамлакат ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетиш масаласи Сенатда ёки кенг умумхалқ муҳокамаси қўйилиши жиддий қадамдир. Бироқ АҚШ ҳарбийлари кириб келиши масаласи Ўзбекистонда бундай муҳокамага қўйилмаган. Бу масалани ҳал этишда ҳукумат халқдан ҳам, парламентдан ҳам фикр сўрамаган.

Журналист Шароф Убайдуллаев илгари икки мамлакатнинг стратегик шериклиги тўғрисидаги баландпарвоз гаплар нега бирдан бошқача тус олгани ғайриоддий ҳолат эканини билдирди.

Унинг айтишича, агар америкалик ҳарбийларнинг Хонобод аэродроми фойдаланиши ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга катта зарар келтираётган бўлса, буни бошқа йўл билан ҳал этиш, масалан, АҚШ ҳукуматидан бу зарарни қоплаш учун каттагина маблағ ундириш, аҳолини бошқа жойга кўчириш каби тадбирларни ўйлаш мумкин эди.

“Масаланинг бу томонлари чуқур ўрганилдимикин? Ёки бу Андижон воқеалари атрофидаги сиёсий ўйинларнинг маҳсулимикин”, - деди журналист.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Хонободдан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборишдек муҳим масала олдин ҳукумат томонидан ҳал этилиб, кейин Сенатда кўрилиши мамлакатда қонунчилик ҳокимияти мустақил эмаслигини яна бир бор кўрсатиб берганини таъкидлади.

К.Раббимовнинг эътирофича, сенаторларнинг асосий эътирози ҳарбий база аҳолига экологик ва бошқа бир қанча ноқулайликлар келтираётгани юзасидан бўлди.

“Бироқ менда бошқа маълумотлар бор. Хонободга АҚШ ҳарбийларининг кириб келиши у ердаги иқтисодий-ижтимоий вазиятга ижобий таъсир кўрсатган. Сенаторлар келтираётган важлар замирида аслида сўнгги геосиёсий ўзгаришлар ётади. Бу масаланинг кўтарилиши андижонлик қочқинлар вазияти билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, қочқинлар Қирғизистондан Руминияга кўчирилиши билан Ўзбекистон АҚШдан Хонободдан чиқиб кетишни талаб қилди. Сенаторлар бу муаммога эътибор қаратишга кечикди. Чунки сиёсий кайфият шаклланиб бўлганди. Сенат қарори эса вазиятни расмийлаштиришга хизмат қилади, холос”, - деди сиёсатшунос.

К.Раббимов АҚШ Хонободдан чиқиб кетгач, бу ерга Россия ҳарбий базаси жойлаштирилиши эҳтимолдан холи эмаслигини, аммо бир ҳовуч кишининг буйруғи ҳамма нарсани ҳал этадиган Ўзбекистондек авторитар мамлакатдан бошқа қарорларни ҳам кутиш мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG