Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:13

Хиваликлар Исоқ ота ҳимоясига отланди


Яқинда хивалик бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 18 моддаси бўйича айбланиб, 5 ойдан буён ҳибсда сақланаётган Исоқ Абдуллаевнинг озод этилишини сўраб, ҳукумат раҳбарларига мактуб йўллади.

Шикоят хати тарзида ёзилган ушбу мурожаат муаллифлари агар илтимослари инобатга олинмаса, очлик эълон қилишларини билдирган.

Хивалик 200 дан ортиқ фуқаро имзо чеккан шикоят хати Ўзбекистон президенти, Бош прокурори, ички ишлар вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси номига йўлланган.

Хатга имзо чеккан хиваликлардан бирининг сўзларига қараганда, И.Абдуллаев асоссиз равишда, ноҳақ ҳибсда ушлаб турилибди. Унинг ҳеч қандай айби йўқ.

“Исоқ ота халқпарвар, ҳақиқатпарвар одам. Бутун Хива халқидан сўраб кўришсин, одамлар ундан фақат яхшилик кўрган. Агар Исоқ ота озод этилмаса, биз очлик эълон қилишга ваъда берамиз”, - деди суҳбатдош.

Унинг билдиришича, шикоят аризага қўл қўйган кишиларга милиция ходимлари томонидан тазйиқлар ўтказилмоқда. Улар ички ишлар бўлимларига олиб кетилиб, сиқувга олиняпти, қўрқитиляпти.

И.Абдуллаевнинг ўзи ҳам 16 август куни очлик эълон қилган эди. Ҳозир унинг аҳволи қандайлиги ҳақида яқинлари ҳам маълумотга эга эмас. Ҳибсда узоқ муддатдан сақланаётган И.Абдуллаевнинг соғлиғи яхши эмаслиги бундан илгари шифокорлар томонидан тасдиқланган. Унга қон босими, юрак оғриғи каби бир неча ташхис қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, хивалик 70 ёшли тадбиркор И.Абдуллаев Жиноят кодексининг фирибгарлик, талончилик, товламачилик, одам ўғирлаш, ёлғон хабар берганлик, туҳмат қилиш, диний ташвиқот қилиш, гуруҳ бўлиб ҳокимият вакилининг қонуний ҳаракатига тўсқинлик қилиш каби 18 моддаси бўйича айбланмоқда.

Кузатувчилар ва яқинлари унинг ҳисбга олинишига Исоқ отанинг оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишлари ва ҳукуматни аёвсиз танқид қилгани сабаб бўлганини айтади.
XS
SM
MD
LG