Линклар

Ўзбекистон Сенати АҚШни Хонободдан ҳайдашга бел боғлади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 26 август куни Тошкентда ўтказилган учинчи ялпи мажлисида АҚШнинг Хонободдаги ҳарбий базаси шаънига мислсиз айбловлар ёғилди.

Сенатнинг турли қўмиталарида бир неча кундан буён муҳокама қилиб келинган Хонобод масаласи мажлис кун тартибига ҳарбий база жойлашган Қашқадарё вилояти сенаторлари таклифи билан киритилди.

Қашқадарё вилояти ҳокими, сенатор Нуриддин Зайниевнинг айтишича, америкаликларнинг аэродромдан чиқиб кетиш хатти-ҳаракати сезилмаганидан маҳаллий аҳоли хавотирга тушмоқда.

“Америка томони турли баҳоналарни рўкач қилиб, мазкур масалани ҳал этишни амалда пайсалга солиб келган. Олиб борилган музокаралар давомида Ўзбекистон томони дунёдаги энг юксак тараққий топган кучли давлат билан алоқани бузиш эмас, аксинча дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш ва шундан манфаат топишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Минг афсуски, давлатимизнинг мана шундай интилишига АҚШ раҳбарияти томонидан эътибор берилмади”, - деди Н.Зайниев.

Сенатнинг ташқи сиёсат қўмитаси раиси Содиқ Сафоев сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий базанинг Хонободда бўлиши Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятга салбий таъсир этиб, минтақада стратегик мавҳумлик давом этишига олиб келади. Базанинг сақланиб қолиши бу ерда ҳарбий мусобақа омили бўлиши аниқ. Шу боис, у барқарорлик чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Сенатор Мирзаюсуф Рустамбоев фикрича, ҳарбий база масаласида АҚШ билан тузилган битимнинг бекор қилиниши ушбу давлат билан муносабатларни ёмонлаштирмайди.

Сўзга чиққан бошқа сенаторлар ҳам Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси аҳолининг саломатлиги ва экологияга жиддий зарар етказаётганини гапирди. Муҳокама сўнггида америкалик ҳарбийларнинг Хонободни тарк этиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Мажлис сўнггида Сенат раиси ўринбосари Фарруха Муҳиддинова сенаторлар фикрлари юзасидан тайёрланган хулосавий баёнотда ўқиб эшиттирди.

Унинг эътирофича, Хонобод аэродроми ўз вақтида Афғонистонда жанговор ҳаракатлар ўтказиш даврида қидирув-қутқарув ҳамда гуманитар ёрдам кўрсатиш операциялари учун АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига вақтинча фойдаланиш учун берилган. Бугунги кунда эса Афғонистонда фаол ҳарбий ҳаракатлар тугаган.

“АҚШ ҳарбий контингентининг Хонобод аэродромида ҳозирга қадар бўлиши Ўзбекистоннинг ички ва ташқи хавфсизлигига таҳдид солмоқда”, - деди Ф.Муҳиддинова.

Сенат раиси ўринбосари ички хавф сифатида Хонобод қишлоғида яшовчи аҳолининг соғлиғига, иқтисодий манфаатларига, экологияга жиддий зарар етказилаётганини санаб ўтди. Қаерда ҳарбий база пайдо бўлса, ўша ерда унга қарши кучлар ҳам юзага келишини ташқи хавф сифатида баҳолар экан, Ф.Муҳиддинова агар минтақада ҳарбий базалар бўлмаса, шу ҳудуддаги тинчлик ва барқарорликка қўшилган энг катта ҳисса бўлишини таъкидлади.

Ф.Муҳиддинованинг билдиришича, Ўзбекистон битим бўйича барча мажбуриятларни бажарган бўлса-да, Америка етказилган талофат ва зарарлар ўрнини қоплаш билан боғлиқ ҳеч қандай моддий харажатлар қилгани йўқ.

Сенат раиси ўринбосари юқорида келтирилган фактлар АҚШ ҳарбий контингентини олиб чиқиш учун ҳар жиҳатдан асос бўлишини маълум қилди.

АҚШ Хонободдан чиқиб кетмаслик ҳақида баёнот бермаган, қолаверса, Ўзбекистоннинг талабини бажариш учун ҳали 5 ойдан ортиқ вақт бор бир шароитда Олий Мажлис Сенатини бу борада қарор қилишга ундаган омиллар нимада?

Мажлис тугагандан кейин сенаторларнинг деярли барчаси “Озодлик” мухбирининг бу саволига жавоб қайтаришни истамади. Фақат ўз исмини ошкор этмаган сенатор мазкур масалада фикр билдиришга рози бўлди. Унинг айтишича, АҚШнинг Хонободдан ҳарбий базани олиб чиқиш хоҳиши йўқ. Юқори доираларда бу борада музокаралар давом этяпти. Бу масалани Сенатда муҳокама қилиш эса гўёки халқ хоҳиш-иродасини қонуний мустаҳкамлашдир.
XS
SM
MD
LG