Линклар

Йўлдош Охунбобоев музейсиз қолди


Феруза Узоқ йиллар Ўзбекистон ССРга раҳбарлик қилган таниқли давлат арбоби Йўлдош Охунбобоевнинг Тошкентдаги уй музейи экспонатлари кутилмаганда шошилинч равишда бошқа жойга кўчирилди.

Уй музей Тошкентнинг “Дархон” мавзесида жойлашган. Октябрь инқилобидан олдин яшаган тошкентлик бойларнинг сўлим ҳовлисини эслатадиган бу бинода ҳозир уй музейини эслатадиган бирор экспонат йўқ. Бино хоналари бўм-бўш, фақат деворларда Й.Охунбобоев ҳаётининг қайсидир йилларидан ҳикоя қилувчи қоғоз парчалари осилиб турибди.

Дарвозадаги “Й.Охунбобоев уй музейи” ёзуви ва ҳовлидаги Й.Охунбобоевнинг каттагина ҳайкалигина бу бино яқингача нима вазифани бажарганини эслатиб туради.

Ҳозир уй музейида бинонинг пастки қисмини ижарага олган тадбиркорлардан бошқа ҳеч кимни учратмайсиз. Музей бутунлай кўчирилганми ёки таъмирлаш муносабати билан вақтинча фаолиятини тўхтаганми, улар бу каби саволларга жавоб қайтаришга ожизлигини билдирди.

Уларнинг маълум қилишича, ўзларини Тошкент шаҳри ҳокимлиги вакили сифатида таништирган шахслар барчадан бинони икки кун ичида бўшатиб қўйишни талаб қилган. Энди бу ерни ижарага олган фирма ҳам биносиз қолмоқда.

Й.Охунбобоев уй музейи билан боғлиқ саволларга унинг раҳбари Рая Сергеевна жавоб беришга рағбат билдирмади. Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги вакилларидан ҳам музей борасидаги саволларга аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Уй музейи жойлашган маҳалла фуқароларининг таъкидлашича, музейнинг бирданига кўчирилиши унинг мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси идораси билан ёндош жойлашгани ва бу ерда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тез-тез йиғин ўтказиб туриши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Балки Мустакиллик байрами арафасида ҳуқуқ-тартибот органлари хавфсизликни кучайтириш мақсадида партия идорасига ёндош бинони ўзлари банд қилар”, - дейди маҳалла фуқаролари.
XS
SM
MD
LG