Линклар

Фильмлар Ўзбекистон дарёлари муаммоларидан ҳикоя қилади


Басира Ўзбекистонда “Биз ўлдирилаётган дарёлар” экологик лойиҳаси якунланди. Лойиҳа доирасида мамлакатдаги сув ҳавзалари муаммолари ҳақида ҳикоя қилувчи учта ҳужжатли фильм тайёрланди.

Лойиҳа муаллифи Сергей Наумовнинг сўзларига кўра, фильмлар Тошкент ва Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистонда тасвирга олинган.

“Лойиҳа йўналиши Ўзбекистон сув ҳавзалари муаммолари ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олишни тақозо этганди. Айтиш керакки, бу муаммолар жуда долзарб ва ҳозир бу йўналишда ҳеч қандай ижобий ўзгариш йўқ. Амударё ва Чирчиқ дарёлари суви ўта ифлосланган, Зарафшон дарёси эса йўқолиб бормоқда”, - деди С.Наумов.

“Қайғу тўлқинлари” ҳужжатли фильми Қорақалпоғистонда тасвирга олинди. Фильм муаллифи Алина Аминованинг таъкидлашича, фильмда Қорақалпоғистон аҳлига ва заминига чиқинди сувлар қанчалик зарар келтираётганини очиб беришга ҳаракат қилинган.

“Бу фильм Нукус шаҳри телеканали орқали намойиш этилди, - деди А.Аминова. – Ўйлайманки, мамлакатимизда экологик муаммолар талайгина. Бу мавзуда яна бир неча фильм суратга олиш мумкин”.

“Эгасиз дарё” ҳужжатли фильмида Чирчиқ дарёси муаммолари ҳақида ҳикоя қилинади. Муаллиф Андрей Хаминтовнинг билдиришича, фильмни суратга олишда табиатни муҳофаза қилувчи давлат идоралари, экологик муаммоларни ўрганувчи нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинган. Фильмда Чирчиқ дарёси бугунги кунда эгасиз бўлиб қолгани, уни қутқариш ҳақида ўйлаш кераклиги баён қилинган.

“Зарафшон – қадим Бухоронинг дарди” ҳужжатли фильмида қуриб бораётган Зарафшон дарёси муаммоларига эътибор қаратилган.
XS
SM
MD
LG