Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:51

Хоразмлик биринчи журналист аёлнинг аччиқ қисмати


Хоразмда воҳадан етишиб чиққан биринчи журналист ва ҳамшира аёл, таржимон, истеъдодли публицист Марям Султонмуродова таваллудининг 100 йиллиги нишонланди.

Тадбирлар ижодкор аёл туғилиб ўсган Чандирқиёт қишлоғида ўтказилди. Бу ерда турли учрашувлар, адабий-бадиий кечалар ташкил этилди.

17 ёшли М.Султонмуродова ўтган асрнинг 20-йилларида биринчилар қаторида Германияга ўқишга юборилди. У ўқишга жўнатилган хоразмликлар орасида ягона аёл эди. Марям Берлин университетида журналист-педагог ва ҳамшира мутахассисликлари бўйича олти йил давомида таҳсил олди. 1928 йилда Тошкентга келиб, турли идораларда масъул лавозимларда ишлади. “Гулистон” ва “Ёрқин турмуш” журналларида адабий ходим, таржимон, мухбир сифатида фаолият кўрсатди. У немис ёзувчи ва шоирларининг асарларини тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қилган илк ижодкорлардан эди.

Марям Хоразм Халқ Республикаси ички ишлар вазири Жуманиёз Султонмуродовнинг қизидир. Ўша пайтларда Ж.Султонмуродов халқ душмани сифатида қораланиб, қариндошлари ҳам қатағон қурбони бўлган. Аммо кейинчалик оқланганига қарамай, бу қисмат қизининг бошига тушди. 1937 йилда Марям Султонмуродова миллатчи ва халқ душмани сифатида қамоққа олинди ва 10 йилга Сибирга сургун қилинди. Сургундан қайтиб келганидан 1,5 йил ўтгач, худди шу айблар билан яна қамалди. Сталин ўлганидан кейин 1954 йил октябрда у озодликка чиқди ва 1957 йилда тўлиқ оқланди.

Ижодкор аёлнинг кенжа ўғли Омон Султонмуродовнинг сўзларига қараганда, онаси оқлангандан кейин ҳам унга муносабат ўзгармаган.

“Онам бошқа иш топа олмасдан, қишлоқларда ҳамширалик қилишга мажбур бўлди. То 1969 йилгача назоратдан четда қолмаганмиз. КГБ ходимлари бизни доимий кузатиб юрарди”, - дейди О.Султонмуродов.

60-йилларда М.Султонмуродова “Хоразм ҳақиқати” ва “Октбярь байроғи” газеталарида жамоатчи мухбир сифатида қатнашиб турди. Бироқ унга журналистика соҳасида фаолият кўрсатиш тақиқлаб қўйилди. Воҳадан чиққан бирончи журналист аёл умрининг сўнгги 20 йилини қишлоқларда ҳамширалик қилиш билан ўтказди.

Хоразмлик ижодкор Шарқия Эшжонова М.Султонмуродованинг ҳаётига оид хотиралар ва унинг ижод намуналари жамланган “Умр йўлларида” китобини нашр қилдирган.
XS
SM
MD
LG