Линклар

Хоразм матбуоти мустақилликдан мустақилликкача


Ҳар йили август ойида Мустақиллик куни Хоразм матбуотининг асосий мавзусига айланади. Бу пайтда барча маҳаллий газеталар эришилган ютуқлар, қўлга киритилган муваффақиятлар, янги қурилган иморатларни мақташ каби мазмундаги мақолалар билан тўлиб-тошади. Август ойида газеталар саҳифаларида бирорта танқидий мақолани учратиш амри маҳол бўлиб қолади.

Сентябрдан газеталарнинг асосий диққат-эътибори пахта теримига қаратилади. Туман газеталарида илғор пахтакорлар, пешқадам фермерларнинг муваффақиятлари олқишланади. Бироқ вилоятдаги бирорта газета мактаб ўқувчиларининг пахта теримига мажбурий жалб қилиниши ҳақида ёзмайди.

Шунга қарамай, сўнгги вақтларда вилоят газеталарида воҳа аҳлининг баъзи ижтимоий-иқтисодий муаммолари ёритилган мақолалар кўпаяётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, “Муҳофаза” газетасидаги “Фермерларга тўғаноқ бўлманг” сарлавҳали мақола шулар жумласидан.

Хоразмда беш йилдан буён табиий газ муаммоси мавжуд. Газеталар аҳён-аҳёнда бу масалага тўхтаб ўтади. Вилоятдаги нашрларнинг барчасида сўнгги саҳифаларда дам олиш руҳидаги материаллар жойлаштирилади. Уларда лирик ва насрий асарларга ҳам ўрин берилади.

Ўтган йили “Хоразм тадбиркори” газетасида эълон қилинган Бахтиёр Маҳмуднинг “Каллакесар” ҳикояси ёшуллиларга ёқмади. Шу боис, газета 4 ой давомида нашр этилмай қолди.
XS
SM
MD
LG