Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

Ўзбекистонда чивин безгаги тарқалди


Саида Ўтган асрнинг 60-йилларида бутунлай тугатилган деб ҳисобланган чивин безгаги Ўзбекистонга яна хавф сола бошлади. Касаллик, асосан, мамлакатнинг Сурхондарё вилоятида кўп кузатилмоқда.

Мутахассислар касаллик ўчоғи айнан шу вилоятда эканини айтмоқда. Шундай бўлса-да, жорий йилнинг ёз ойларида чивин безгаги билан оғриган беморлар Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида ҳам қайд этилган.

Шу ҳудудларда яшовчи кишилардан бирининг айтишича, қишлоқларда безгакка чалинганлар кўп бўлиб, улар аксарият ҳолларда уй шароитида даволанмоқда. Безгак билан оғриганлар орасида ҳомиладор аёлар ҳам бор. Санитария эпидемиология назорати марказлари ходимлари аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош санитария эпидемиология назорати департаменти бошлиғи Саидолим Саидалиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда безгак билан боғлиқ мавжуд ҳолатни инкор этмади. Унинг билдиришича, хорижий донор томонидан Ўзбекистонда безгакни бутунлай йўқотиш учун 2,5 миллион доллар маблағ ажратилган.

“Ҳозир бу грант лойиҳани амалга ошириш бўйича махсус гуруҳ тузилган. Бу ишлар Ўзбекистонда безгакнинг олдини олишга қаратилган. Айни пайтда маълум миқдорда пашшахоналар харид қилиниб, касаллик тарқалиши бўйича ҳолат мураккаб бўлиб турган ҳудудлар – Сурхондарё ва Фарғона вилоятларига тарқатилган”, - деди С.Саидалиев.

Тошкент вилояти туманларидан биридаги санитария эпидемиология назорати марказида ишлайдиган мутахассиснинг сўзларига кўра, бу йил мазкур вилоятда безгак аввалги йиллардагига нисбатан кескин кўпайган. Аммо юқори ташкилотлар бу ҳолатга етарлича эътибор қаратаётгани йўқ. Дори-дармонлар етишмайди.

Ушбу мутахассис бу йил Ўзбекистонда чивин безгагидан бир киши ўлганини ҳам маълум қилди.

Аксарият мутахассисларнинг фикрича, чивин безгаги ҳозир мамлакатда мавжуд дориларга мослашиб бўлган. Шунинг учун бу дориларнинг таъсири кам бўлмоқда. Хориждан янги дорилар харид қилиш учун эса кўп маблағ талаб этилади.
XS
SM
MD
LG