Линклар

logo-print

Деҳқон Мустақилликка маошини берди


Фирдавс Бу йил Қашқадарёда Мустақиллик кунининг расмий тантаналари 28 август куни ўтказилди. Вилоятнинг аксарият туманларида ҳам мамлакатнинг энг катта байрами анча илгари нишонланди.

Байрам ўз номи билан байрам. Ҳатто аҳолининг энг оддий қатлами ҳам байрам шукуҳини ўзича туяди.

Қосим Эшбоев оддий деҳқон. Унинг айтишича, оддий кишиларга байрамни биров ташкиллаштириб бермайди. Улар баҳоли қудрат ўз оиласи ёки ошна-оғайнилари даврасида Мустақиллик кунини байрам қилади.

“Кишиларда байрам руҳи бор. Аммо одамларнинг муаммолари кўп. Қишлоқ хўжалигида ишловчиларга анча қийин. Улар иш ҳақи олмайди. Деҳқончилик қилиш имконияти йўқ. Сув, ўғит кабилар танқис”, - дейди Қ.Эшбоев.

Расмийлар “Мустақиллик менга нима берди эмас, балки мен Мустақилликка нима бердим, деб ўйлаш керак” каби гапларни кўп такрорлайди. Қосим Эшбоев ҳам шу саволга жавоб қайтариб: “Мен 15-20 йилдан буён бир жойда ишлайман. Мустақилликка эришганимиздан бери ойлик маош олганимиз йўқ”, - деди.

Бу йил вилоятдаги Мустақиллик куни тантаналари одатдагидан анча эрта ўтказилди. Унда Тошкентдан таклиф этилган таниқли санъаткорлар иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг фикрича, байрамнинг Мустақиллик куни эълон қилинган санада ўтказилмаслиги тушунарсиз ҳол. Қолаверса, байрам зўр тантана билан ўтказилиши аҳолининг руҳи кўтаринки эканини англатмайди. Чунки халқнинг асосий қисми ўз ташвиши билан овора.

“Бу байрам тўқ, яхши яшаётган маълум бир доирадаги кишилар учун. Ишсиз, маош ва нафақасини ололмай юрган кўпчилик учун эса бу кун оддийгина байрам”, - деди Ё.Турлибеков.
XS
SM
MD
LG