Линклар

Бинолар чиройли, хизмат кўрсатиш ўша-ўша


Ўзбекистонда эълон қилинган “Сиҳат-саломатлик йили”нинг ўтган даврида мамлакат тиббиёт соҳасида юз берган ўзгаришларни мутахассислар ва оддий аҳоли вакиллари турлича баҳоламоқда.

Республика саломатлик институти мутахассиси Мамлакат Абдуллаеванинг билдиришича, ўтган давр мобайнида мамлакатда юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий марказлар ташкил этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ тиббий ёрдам сифатини текшириш ва кўтариш чора-тадбирларини амалга оширмоқда.

Халқаро тараққиёт уюшмаси қўшма бюросининг тиббиёт бўйича мутахассиси Фарҳод Фузайлов сўзларига кўра, Жаҳон банки кўмагида бажарилаётган 40 миллион долларлик лойиҳа қишлоқ врачлик пунктлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, бу ерда ишлаётган шифокорларнинг малакасини оширишга қаратилган. “Саломатлик-2” номли бу лойиҳа 1999-2004 йилларда амалга оширилган “Саломатлик-1” лойиҳасининг давоми ҳисобланади.

Ф.Фузайловнинг маълум қилишича, Осиё тараққиёт банки билан тузилган шартнома асосида амалга оширилаётган яна бир лойиҳа 6 вилоятдаги туғруқхоналарнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Расмийлар бу каби лойиҳалар ҳақида баландпарвоз гапларни айтаётган бўлса-да, аҳоли тиббий хизмат сифати ва аҳволидан норозилигини яшираётгани йўқ.

Оддий фуқароларнинг таъкидлашича, ҳамма жойда тиббий хизмат кўрсатиш пуллик бўлгани учун маблағи йўқ одам шифокорлар қаровисиз қолиб кетмоқда.

“Ҳозир ҳамма нарса қоғозда бажарилмоқда. Лекин амалда ўзгариш йўқ. Шифохоналар биноларини таъмирлаш, ҳовлиларига гул экиш яхши йўлга қўйилган. Бироқ хизмат кўрсатиш ўша-ўша”, - деди фуқаролар бири.

Тошкентдаги шифохоналардан бирида ишловчи Насиба Шокированинг айтишича, шифокорларга етарли маош берилса, улар мижозлар қўлига қарамаган бўларди. Ҳозир эса улар беморлардан даволаш учун пул олишга мажбур бўлиб қолган. “Сиҳат-саломатлик йили”да тизимнинг қуйи бўғинлари – поликлиника ва шифохоналар ходимларидан қилинадиган ишлар юзасидан турли ҳужжатларни кўпроқ юритиш талаб этилмоқда, холос.
XS
SM
MD
LG