Линклар

Хоразмда қатағон қурбонлари ёд этилмади


Бу йил Хоразмда 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни нишонланмади. Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шу кун муносабати билан Хоразмда бирорта тадбир ўтказилмаган.

Айни кунларда Хоразмда “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳам фаолият кўрсатмаяпти. Бунинг сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Хоразмда қатағон қурбонларини хотирлашга арзирли сабаблар йўқми, деган савол туғилиши табиий. Вилоятдаги зиёлилар бу саволга “албатта бор”, дея жавоб қайтаради.

Ўлкашунос олим Комил Нуржоновнинг сўзларига қараганда, 1937-1953 йиллар оралиғида хоразмлик 1850 киши отиб ўлдирилган. Ўша даврда қамалган ва сургун қилинганлар сони эса тахминан 15 минг кишидир. “Пахта иши” бўйича хоразмлик 2850 киши жавобгарликка тортилган.

Сталин қатағонлари қурбонлари орасида Хоразм хонлигига қараган Хонқа беклиги ҳокимининг ўғли Муҳаммад Аминаддин ҳам бор эди. Муҳаммад Аминаддин 19-аср охирида Ўрта Осиёдан бориб Европада таҳсил олган биринчи шахсдир. У Францияда ирригаторлик мутахассислиги бўйича ўқиган. Муҳаммад Аминаддин 1938 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланган.

Ўрта Осиёдаги биринчи кинооператор ва фотограф хивалик Худойберган Девонов ҳам қатағон қурбони бўлган.

“Қатағон қилинганлардан аксариятининг қабри номаълум. Тошкент вилоятидаги Зангиота қабристонига кўмилган 5-6 кишининг қабрини биламиз”, - дейди ўлкашунос К.Нуржонов.

Манбаларга кўра, Хоразмда қатағон рўйхатига тушганлар отиб ташланадиган учта жой бўлган. Яқинда ўлкашунос олимлар бу жойларни аниқлади. Отиладиган жойларнинг биринчиси Хива яқинидаги Қорақумда, иккинчиси Урганч туманидаги “Оқ олтин” ширкат хўжалиги атрофида, учинчиси Ҳазорасп яқинидаги қумликда бўлган.

“Бу жойлардан юзлаб бош суяклари топиляпти. Биз улар ҳақида маълумот тўплаб, бу жойларда ёдгорлик ўрнатиш масаласини ҳукумат олдига қўямиз”, - деди К.Нуржонов.

Хоразмда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни нега нишонланмаганига жавоб топишнинг имкони бўлмади. Маҳаллий кузатувчилар бунинг сабабини маблағ йўқлигида кўрмоқда. Чунки Худойберган Девоновнинг 125 йиллик юбилейи ҳам маблағ йўқлиги сабабли икки йилдан буён нишонланмай қолиб кетяпти.
XS
SM
MD
LG