Линклар

Ўзбекистонда ННТларга қирон келди…ми?


Тўлқин Баъзи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларини қисқартириш кампанияси бошланаётгани ҳақида хабар тарқатмоқда. Бу маълумотларни ННТлар вакиллари ҳам тасдиқлаяпти.

Кузатувчилар бундай жараён Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида кечаётганини айтмоқда. Жумладан, Фарғона водийсида ҳам адлия идоралари ННТларга ўз хоҳиши билан фаолиятини тўхтатишни талаб қиляпти. Фарғонадаги “Ишонч” аёллар ва ўсмирларни ижтимоий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Зулфия Охунова марказ фаолияти ҳам бу жараёндан четда қолмаётганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозирча марказни ёпиш бўйича расмий идора таклиф билдирмаган. Аммо ташкилотнинг ёпилиши тўғрисида гап-сўзлар йўқ эмас.

“Ташкил этилганига бир неча йил бўлган ННТлар орасида деярли бирор фаолият кўрсатмаётганлари кўп. Мен уларнинг ёпилишини аниқ биламан”, - деди З.Охунова.

Яқинда Бухоро вилояти адлия бошқармаси бу ердаги “Репортёр” журналистлар клубига ҳам ёпилишни таклиф этди. Клуб раҳбари Обид Шабоновнинг сўзларига қараганда, ташкилот 5 йил муқаддам ташкил этилган. У вилоятда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг касб маҳоратини ошириш йўлида турли ўқув машғулотлари, тренинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш кабилар билан шуғулланган.

“Ташкилотимиз таъсисчилари уни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилишга тайёр турибди. Бироқ бу бизнинг хоҳиш-иродамиз эмас. Балки клубни рўйхатга олган идора шундай қарор қилишимизни сўраяпти”, - деди О.Шабонов.

О.Шабоновнинг фикрича, ННТларни ёпиш ҳаракати хато жараёндир. Зеро, ННТлар фуқаролик жамиятини ривожлантиришда жуда катта ўрин тутади.

О.Шабонов Бухородаги кўпгина ННТларга ҳам ёпилиш таклифи тушгани, адлия вакиллари бу ташкилотларга фаолият турини ўзгартириш, масалан, тижорат тузилмасига айлантириш таклифини билдираётганини маълум қилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг билдиришича, ёпилиши айтилаётган ННТлар, асосан, Ғарб давлатлари ва хорижий ташкилотларнинг молиявий ёрдамида ишлаётган муассасалардир. Бу ҳолат Андижон воқеаларини холис текшириш талаби билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакили Акбар Набираев ННТларни ёпиш тўғрисида ҳеч қандай кўрсатма йўқлиги, бу ҳақдаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG