Линклар

Бухоро Интернетсиз қоладиганга ўхшайди


Басира Бухородаги Интернет кафеларнинг бошига қора булут айланмоқда. Эндиликда кафе эгаларидан Интернет хизмати кўрсатишни тўхтатиш ёки фаолиятини хусусий фирма очиб, янги лицензия олиб давом эттириш талаб қилиняпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги якка тартибдаги тадбиркорларга қарашли Интернет кафеларга берилган лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарорда Интернет кафе эгаларидан хусусий фирма очиб, янги лицензия олгандан кейин фаолият кўрсатиш белгилаб берилган. Агентлик бу ҳақда Интернет кафе эгаларига хат жўнатган.

“Хатда ёзилишича, мамлакатдаги баъзи қонунларга асосан якка тартибдаги тадбиркорларнинг лицензияси вақти чекланган экан. Ҳолбуки, лицензияни олганимга ҳали бир йил ҳам бўлмаган. Унинг муддати 2009 йилгача экани ёзиб қўйилган. Хатга кўра, мен ноябрь ойигача ишлашим мумкин. Кейин фирма очиб, қайтадан лицензия олишим керак экан. Аввалги лицензияни олиш учун 100 минг сўмдан ортиқ сарфлаганман”, - дейди Бухородаги Интернет кафелардан бирининг соҳибаси.

Бу аёл Интернет кафе очганига бир неча йил бўлган. У агентлик қарори тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида ҳукумат вакиллари айтаётган гапларга зид эканини таъкидлади. Аёл хусусий фирма очишга тайёр экани, аммо илгари олган лицензияси сақланиб қолиши лозимлигини билдирди.

Бухородаги бошқа Интернет кафе эгалари ҳам лицензиялари сақланиб қолса яхши бўлиши, чунки янги лицензия олиш учун жуда кўп елиб-югуриш ва катта маблағ сарфлаш кераклигини айтмоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Бухоро ҳудудий бўлими бошлиғи Абдужаббор Отамуродов Интернет кафеларга жўнатилган хат ҳақида “Озодлик” радиосига маълумот бермаслигини очиқ-ойдин билдирди.

Сўнгги пайтларда Бухорода хусусий Интернет кафелар сони ортиб бораётган эди. Аммо, кузатувчилар фикрича, қўйилаётган янги талаблар уларнинг камайиб кетишига олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG