Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:52

Конституциявий суд раиссиз қолди


Шайбон Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакат Конституциявий суди раисини ўз вазифасидан озод этиш, Афғонистон ва Туркияга янги элчилар тайинлаш тўғрисида қарорлар чиқарди.

Шу пайтгача Конституциявий судга раҳбарлик қилган Мирзоулуғбек Абдусаломов Марказий сайлов комиссиясини бошқармоқда.

Шу ўринда бу шахс ҳақида қисқача маълумот. У 1952 йилда туғилган, Тошкент давлат университетини (ҳозирги Миллий университет) тамомлаган, ҳуқуқшунос, юридик фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист. 1995-2004 йилларда Олий хўжалик суди раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2004 йилдан 2005 йилга қадар Конституциявий судга раислик қилган.

Таъкидлаш керакки, Сенатнинг М.Абдусаломовни бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги қарори 27 август куни қабул қилинган бўлса-да, 31 август куни эълон қилинди.

М.Абдусаломов шахси тўғрисида фикр билдирар экан, Тошкент шаҳри адвокатлар коллегияси раҳбари Гулнора Эшонхонова уни саводли ва профессионал малакага эга юрист сифатида танишини маълум қилди.

“У яхши ташкилотчи ва раҳбар. Бу одам тўғрисида фақат ижобий фикр айтишим мумкин. Тўғри, Конституциявий суд раиси сифатида унинг фаолияти қанчалик сезиларли бўлганини айтиш қийин. Чунки у бу лавозимда жуда қисқа вақт ишлади”, - деди Г.Эшонхонова.

Г.Эшонхонованинг таъкидлашича, Конституциявий суд фаолиятида илгаридан муаммолар бор. Бу муаммолар мазкур суд фаолияти нотўғри белгиланганидадир. Масалан, Конституциявий суд бирор фуқаронинг шикоятини кўриб чиқиши учта судьяга боғлиқ. Агар судьялардан биттаси келмай қолса ҳам ишни кўриш ортга сурилаверади.

Кўпчилик кузатувчилар, жумладан, Алимардон Аннаев М.Абдусаломовни яхши юрист сифатида билиши, аммо у Конституциявий суд раиси сифатида сезиларли ишлар қила олмаганини билдирди.

“Ўзбекистондек авторитар, диктатура ҳукмрон давлатда Конституциявий суд бўлишининг ўзи аслида Конституция устидан кулиш ва устига мағзава ағдариш билан баробар. Бу муассаса ишламайди, президент ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қиладиган қарорларга ўз муносабатини билдира олмайди. Унинг фаолияти нимадан иборат экани ҳам номаълум”, - деди А.Аннаев.

Конституциявий судга раҳбарлик кимнинг зиммасига тушганини аниқлашнинг имкони бўлмади. Чунки бу суддан матбуот билан гаплашадиган ходимнинг ўзи топилмади.

Сенат Ўзбекистоннинг Афғонистон Ислом Республикаси ва Туркия Республикасидаги янги фавқулодда ва мухтор элчиларини ҳам тайинлади. Парвиз Алиев Афғонистонга, Улфат Қодиров Туркияга элчи бўлди.

Сиёсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, П.Алиев шарқшунос, афғоншунос. Фаолиятини Афғонистонда таржимон сифатида бошлаган. Ўзбекистонга қайтгач, бир муддат савдо палатасида, кейин туризм ва ташқи сиёсат соҳаларида ишлаган. Унинг Афғонистонга элчи этиб тайинланиши мазкур мамлакат билан савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга каттароқ эътибор берилишини англатади.

Т.Йўлдошев Туркияга элчи этиб тайинланган У.Қодиров ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. Бу борада озми-кўпми маълумот бериши мумкин бўлган ташкилот эса ахборот берилишдан тийилишни афзал билди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Афғонистон ва Туркиядаги собиқ элчиларининг кейинги фаолияти қандай кечиши номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG