Линклар

“Шулар”нинг кимлигини улар билади...ми?


Шайбон Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳозир мамлакатга қарши ахборот хуружи барқарорликка раҳна солаётгани, бу хуруждан мақсад эса халқ орасида бўлиниш ҳосил қилиш эканини қайта-қайта таъкидлади.

31 август – Қатағон қурбонларни ёд этиш куни муносабати билан Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” майдонида ўтказилган маросимда журналистлар билан мулоқотда бўлган Ўзбекистон президенти мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилаётгани, ҳеч ким қатағон қилинмаётганини билдирди.

“Қайси инсонга тазйиқ кўрсатяпмиз, зулм, қатағон ўтказяпмиз”, - дея риторик саволни ўртага ташлади президент мамлакатда инсон ҳуқуқларини бузилиши тўғрисидаги эътирозлар ҳақида тўхталиб. У мамлакат қамоқхоналарида ҳам вазият эътирозларга сабаб бўлгудек эмаслигини қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари мамлакат шаънига барча “иғво ва туҳматлар”нинг бу қадар кенг тарқалиб бориши сабабларини ҳам тушунтириб ўтди: “Матбуот, Интернет шуларнинг қўлида бўлса, ахборот майдони шуларнинг қўлида бўлса”.

Президент “шулар” деганда кимни назарда тутаётганини аниқлаштириб ўтирмади. Мулоқотда қатнашган журналистлар ҳам “шулар” кимлигига қизиқиб кўрмади. Афтидан, “шулар”нинг кимлигини улар яхши билади.

Шу куни оқшомда ўтказилган Мустақилликнинг 14 йиллигига бағишланган байрам концерти анча сиёсийлашганини уни томоша қилганлар сезмай қолмади.

Концертда янграган қўшиқларда ўзбек халқини “қандай яшашни ўргатмаслик”ка чақириқлар, “жаннат ерда бўлса, унинг устида Ўзбекистон” жойлашганини уқтирувчи даъволар анчагина эди.
XS
SM
MD
LG