Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Мустақиллик байрами эгаси йўқ тўйни эслатади


Ўзбекистон Мустақиллигининг 14 йиллиги нишонланаётган шу кунларда совет империяси давридаёқ мамлакат истиқлоли учун курашни бошлаб юборган шахсларни эслаб ўтиш ўринли бўлади.

Туркистон, унинг бир қисми бўлмиш ҳозирги Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш октябрь инқилобидан кейиноқ бошланган эди. Истиқлол ғояларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора тарғиб қилган ўзбек халқининг асл фарзандлари совет истибдодининг қурбонларига айланди. Қайта қуриш йиллари бошланиши биланоқ мустақиллик ҳаракатлари янги куч билан авж олди.

Ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг таъкидлашича, 1985-86 йилларда бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар гурунги, асосан, мустақиллик ҳақидаги мунозараларга бағишланган. Болтиқ бўйи давлатларида мустақиллик учун кураш авжига чиққандан сўнг ўзбекистонлик зиёлиларга ҳам жон кирган.

1988 йил 11 ноябрда Дадахон Ҳасаннинг уйига йиғилган 20 га яқин ёзувчи ва шоир озодлик ҳаракатининг дастлабки босқичини бошлаб берди.

“Бу ерда бир ташкилот тузиб, унинг дастурини муҳокама қилдик ва 10 кишидан иборат ташаббус гуруҳини сайладик. Бу тузилма аввалига Ўзбекистон маънавий ва табиий бойликларини муҳофаза қилиш ҳаракати деб номланди. Орадан бир йил ўтиб қурултойда ташкилот “Бирлик” халқ ҳаракатига айланди”, - деди Д.Ҳасан.

“Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Дилором Исҳоқова шу кунларда нишонланаётган Мустақиллик кунини эгаси йўқ тўйга ўхшатди.

“Чунки мустақиллик учун курашган инсонларнинг бирортаси бугун бу тадбирларда қатнашаётгани йўқ, - деди Д.Исҳоқова. – Уларда мамлакат мустақиллиги учун қувона олиш имконияти йўқ”.

Д.Исҳоқова ўша пайтлардаги кучли тазйиқларга қарамай, мустақиллик ғоясини кўтариб чиққан инсонларни бугун эсламаслик ноинсофлик эканини таъкидлади ва бу инсон қаторида Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ, Дадахон Ҳасанов, Иброҳим Ҳаққулов, Шавкат Раҳмон, Зоҳир Аълам, Миразиз Аъзам ва бошқаларнинг номларини санаб ўтди.

Д.Исҳоқованинг билдиришича, Мустақиллик декларациясини қабул қилиш ҳали СССР тарқалмасдан олдиноқ ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши кун тартибига “Эрк” партияси фракцияси ташаббуси билан киритилган. Декларация матнини “Эрк” бош котиби Отаназар Орипов ёзган.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаев оғир даврларда мустақиллик учун курашган юртнинг ҳақиқий фарзандлари бугун эсга ҳам олинмаслигини таъкидлади.

“Мустақиллик муаммолари ҳақида гапирарканман, энг аввало, мамлакатимизнинг ҳақиқий фарзанди ким экани, юртнинг ҳақиқий қаҳрамонлари ҳақида ўйлаб қоламан. Бугун Ўзбекистонни мустақил давлат деймиз. Бу фақат расмий баҳо. Аслида эса қайси давлатда ҳақиқий эркинлик бўлса, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинса, ўша давлат мустақил давлат бўла олади. Советлар замонида Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган одамлар, афсуски, бугун тилга ҳам олинмайди. Уларнинг баъзилари ҳатто халқ душманига ҳам айланиб қолди”, - деди Б.Мусаев.

Д.Исҳоқованинг айтишича, ҳозирги мустақиллик тантаналарида қандайдир ясамалик бор. Ҳукумат халқига маош бера олмайдиган, боғчаю мактабларининг аҳволи хароб бўлиб турган бир пайтда катта-катта байрамлар ташкил этяпти.

“Бу мустақиллик Каримовга тегишли бўлгани учун ҳар йили халқнинг миллиард-миллиард пулини кўкларга совурилиб, концертлар уюштириляпти. Бироқ на концертлар, на у ер бу ерда очилаётган иншоотлар халқни жалб эта олгани, унинг аҳволини яхшилаётгани йўқ, яхшилай олмайди ҳам. Ўзбекистон коррупция, ёлғончилик, порахўрликни ундириб бераётган иссиқхона бўлиб қолаверар экан, халқ бу мустақилликни байрам қила олмайди”, - деди Д.Исҳоқова.

Д.Ҳасан ҳозир нишонланаётган саналар халқнинг ҳақиқий байрами эмаслигини, балки бир гуруҳ амалдорларнинг тантанаси эканини таъкидлади.

“Андижоннинг ярим одами қирилиб кетди. Шунинг учун уларга тўй, бизга аза”, - деди Д.Ҳасан.
XS
SM
MD
LG