Линклар

logo-print

“Озод деҳқонлар”нинг рўйхатига тушишдан ўзингизни асранг!


Шайбон “Озод деҳқонлар” партияси Ўзбекистондаги мухолифат вакиллари ва эркин фикр тарафдорларига таъқиб ҳамда тазйиқлар қилаётган шахсларнинг рўйхатини тузишга киришди.

Бу ҳақда партия томонидан тарқатилаётган баёнотда маълум қилинди. Баёнот “Озод деҳқонлар” партияси фаоли, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг ҳибсга олиниши ва руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши муносабати билан эълон қилинди.

Баёнотда партия аъзолари Елена Урлаева ва Норбой Холжигитовга (июнь ойида ҳибсга олинган) нисбатан хатти-ҳаракатлар “Озод деҳқонлар” сиёсий кенгаши томонидан эркин фикр ва қарашлар тарафдорларига қарши бошланган уруш сифатида баҳоланиши билдирилган.

“Олинаётган фактлар ҳукумат мухолифатни ва ўзгача фикрловчи ҳар қандай инсонни куч билан бостириб, ўз халқига ҳақиқий уруш эълон қилганидан дарак беради”, - дейилади баёнотда.

Партия мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши олиб борилаётган таъқиб-тазйиқларни жиддий қоралаган.

“Биз ўзбек халқига қарши бошланган қатағонларнинг янги тўлқинини кескин қоралаймиз. Ҳукумат совет даврида КГБ томонидан қўлланилган айбсиз одамларни ҳақиқат учун, ўзининг қарашлари учун руҳий касал деб эълон қилиб, руҳий шифохоналарга жойлаштириш усулини ўзига қурол қилиб олди”, - дейилади баёнотда.

Партия мухолифат ва ҳур фикрли кишиларни таъкиб-тазйиққа олишда иштирок этаётган шахсларнинг рўйхатини тузиб бориши, бу рўйхат кенг оммага ошкор қилинишини билдирди. Рўйхатга ҳозирданоқ Сирғали тумани ички ишлар бошқармаси терговчилари - подполковниклар Сергей Ким ва Шокир Ёқубов киритилди. Баёнотда ёзилишича, бу шахслар Е.Урлаевани ҳибсга олишда бевосита қатнашган.

Баёнот ҳозир руҳий касалликлар шифохонасида махсус текширувдан ўтказилаётган Е.Урлаевани озод этиш талабига қўшилиш даъвати билан якун топган. Е.Урлаева ва Н.Холжигитовни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур акция улар тўла озод этилгунга қадар давом этади.
XS
SM
MD
LG