Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

Айбсиз айбдор Эргаш Ортиқовнинг ташвишлари


Йўл-патруль хизмати ходимлари айби билан содир этилган автоҳалокат учун жазога тортилган хоразмлик 31 ёшли Эргаш Ортиқов 2 йилдан буён судма-суд юриб, сарсон-саргардон бўлмоқда.

Яқинда Э.Ортиқов устидан навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтди. Суд унга аввал қўйилган айбловни нотўғри, деб топган бўлса-да, бошқа модда бўйича уни айбдор, деб ҳисоблади ва 2003 йилда эълон қилинган амнистия асосида жазодан озод этди.

Шу ўринда воқеанинг қисқача баёнига тўхталсак. Э.Ортиқовнинг сўзларига кўра, 2003 йил 14 ноябрь куни кечки соат 22 ларда Урганч-Гурлан йўлида “Газ-53” русумли машинасида хотини Умида Ражабова билан кетаётганида орқа томондан “Дамас” русумли автомобиль келиб урилган. Худди шу пайтда катта тезликда келаётган милиция машинаси тўхтамасдан ўтиб кетган.

Автоҳалокат натижасида “Дамас”даги уч киши вафот этди. 23 ёшли Дилшод Қозоқов эса оғир тан жароҳати олган ҳолда шифохонага ётқизилди.

Д.Қозоқов (кейинчалик у ҳам вафот этди) бўлиб ўтган воқеани хотирлар экан, ўша пайтда орқаларидан милиция ходимлари қувиб келаётганини айтиб берган эди.

Урганч тумани суди ўтган йил 11 мартда Э.Ортиқовга йўл ҳаракати қоидасини бузиб, автоҳалокат содир этганлик, тўқнашув жойида жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмасдан қочиб кетганлик айби билан жазо тайинлади. Айбланувчи тергов ва судда ўз айбини инкор қилган бўлса-да, унинг даъволари инобатга олинмади.

Ўзини бегуноҳ ҳисоблаган Э.Ортиқов апелляция шикояти ёзди. Вилоят жиноят ишлари суди апелляция судлов ҳайъати Урганч тумани судининг ҳукмини бекор қилди ва қўшимча терговга қайтарди. Судлов ҳайъати ажримида гувоҳлар кўрсатмаси автоҳалокат милиция ходимларининг “Дамас”ни қувлаши оқибатида содир бўлганини тасдиқлаши айтилган.

Кейинчалик Хива тумани суди ҳам мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, дастлабки тергов жараёнида нохолислик қилингани, қонун талаблари бузилганини билдиради.

“Милиционерлар жиноят содир этишда гумон қилинаётган бир пайтда тергов ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилиши жиноят иши холисона юритилишига шубҳа туғдиради”, - дейилади мазкур суд ажримида.

Хуллас, шунча судлашишлардан кейин навбатдаги судда Э.Ортиқов барибир айбдор топилди ва амнистия асосида жазодан озод этилди. Автоҳалокат содир этилишига сабаб бўлган милиция ходимларининг айби эса ёпиғлигича қолди.

Маҳаллий кузатувчилар сўнгги вақтларда вилоятдаги йўл-патруль хизмати ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўпайгани, аммо улар аксарият ҳолларда жазодан қутулиб қолаётганини билдиряпти.
XS
SM
MD
LG