Линклар

logo-print

Ўқувчилар таълимни қаерда давом эттиради?


Басира Ўтган ўқув йилида 9-синфни тамомлаган бухоролик айрим юқори синф ўқувчилари жорий йилда ўқишни қаерда давом эттиришга ҳайрон бўлиб турибди.

Гап шундаки, Ўзбекистонда жорий этилаётган таълим тизимига кўра, мактабларнинг асосий қисми 9 йиллик бўляпти. 9-синфни битирган ўқувчилар эса таълимни коллеж ва лицейларда ёки 11 йиллик мактабларда давом эттириши мумкин. Аммо тизимни жорий этишдаги номукаммаликлар ўқувчиларнинг сарсон бўлишига олиб келяпти.

Бухоро шаҳридаги 16-мактабнинг 9-синфни битирган ўқувчилари айни кунларда шундай сарсонгарчиликни бошдан кечиряпти.

“9-синф имтиҳонлари тугагандан кейин ўқишни мактабимизда давом эттиришимиз мумкинлигини айтишган эди. Шунга ишониб коллеж ва лицейларга ҳужжат топширмагандик. 10 августда коллежга кирган ўқувчиларнинг рўйхати эълон қилинди. Бизга эса 11-12 августларда қўнғироқ қилишиб, мактабдан ҳужжатларимизни олиб кетишимиз кераклигини билдиришди. Шундай қилиб, биргина бизнинг мактабдан 15 киши ўқишни давом эттира олмаяпти”, - дейди 16-мактаб ўқувчиларидан бири.

Бухородаги коллеж ва лицейларда русийзабон ўқувчиларига дарс ўтадиган мутахассислар йўқлиги ҳам муаммо бўлиб қолмоқда. Уларда деярли рус гуруҳлари йўқ.

“Бизга рус тилида дарс берадиган мутахассис йўқлигини айтишяпти. Демак келажакда мутахассисликни яхши эгаллай олмаймиз. Шунинг учун таълимни мактабда давом эттиришни истаймиз”, - дейди русийзабон ўқувчилардан бири.

Ўқувчиларнинг айтишича, Бухоро шаҳрида 9-синфдан кейин ўқишни мактабда давом эттириш имконияти тобора чекланиб боряпти.

Бухоро шаҳри халқ таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Рустам Раҳимовнинг билдиришича, шаҳардаги коллеж ва лицейлар сони бу таълим масканларига 9-синфни битирган барча ўқувчиларни қабул қилиш имконини беради. Шу сабабли 11 йиллик мактабларни ташкил этишга эҳтиёж йўқ.

Бухоро шаҳрида ҳашамдор коллежлар йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Бироқ уларни ўқувчилар билан тўлдириш муаммоси пайдо бўлган. Чунки ўқувчиларда таълимни касб-ҳунар коллежларида давом эттиришга рағбат кам.
XS
SM
MD
LG