Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Бош прокуратура ҳисобот берди


Тўлқин 5 август куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида мамлакат Бош прокуратураси тезкор тергов гуруҳининг Андижон воқеаларини текшириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда айтилишича, Андижон воқеалари юзасидан бошланган терговнинг биринчи босқичи ниҳоясига етган. Унда мазкур воқеаларда фаол иштирок этган 15 шахс устидан олиб борилган тергов жараёнлари тугатилиб, суд муҳокамасига топширилган.

“Тергов жараёнида аниқландики, Андижонда содир этилган воқеалар ташқи бузғунчи кучлар томонидан ташкил этилган ва обдон режалаштирилган, Ўзбекистоннинг мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларига қарши, мавжуд конституциявий тузумни ўзгартириб, ўзларининг геосиёсий манфаатларига тўла мос келадиган ислом давлати қуришга қаратилган акциядир”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда мазкур “бузғунчи кучлар” ўз мақсадларига эришишга халқаро террорчи ва диний экстремистик ташкилотлар - манзили Афғонистон ва Покистонда бўлган “Туркистон исломий ҳаракати”, бош қароргоҳи Лондон шаҳрида бўлган “Ҳизб ут-таҳрир” ва унинг бир шохобчаси “акрамийлар”ни жалб этгани айтилади. Бу кучлар Ўзбекистонда 2005 йил май ойида террорчилик ҳаракатлари содир этишни 2004 йил августда режалаштирган.

Ҳисоботда билдирилишича, мазкур террор ҳаракатларига тайёргарлик кўриш учун машғулот ўтказиш майдони сифатида “сценарий муаллифлари” томонидан Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидаги ҳудуд танланган. Шу йилнинг январидан апрель ойигача у ерда 70 нафар диний экстремист қўпорувчилик-террорчилик усуллари бўйича тайёргарлик ўтаган.

Ҳисоботда Қирғизистоннинг тайёргарлик ўтаган ва қуролланган 60 фуқароси Ўзбекистон ҳудудида Андижонда террорчилик ҳаракатлари содир этиш учун чегарани бузиб ўтгани таъкидланади.

“Террорчилик ҳаракатлари оқибатида жами 187 киши ҳалок бўлди. Шулардан 60 нафари тинч аҳоли вакили, шу жумладан, 2 нафар вояга етмаган ва 1 аёл ҳалок бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан 31 нафари террорчилар томонидан ўлдирилди. Аксилтеррор тадбирлари давомида 94 террорчи йўқ қилинди”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда таъкидланишича, яна 106 нафар айбланувчи устидан тергов ишлари тугалланиш арафасида турибди.

6 сентябрь куни ҳисобот тинглаш давом эттирилади.
XS
SM
MD
LG