Линклар

Эрон фуқароси Эрон банкидан хафа

  • Садриддин Ашур

6 сентябрь куни Эрон Ислом Республикаси фуқароси Муҳаммад Али Урфониён мазкур давлатга қарашли “Содерат” банкининг Тошкентдаги филиали биноси олдида очлик эълон қилди.

Асли тадбиркор бўлган Муҳаммад Али икки йилдан буён ушбу банкдан кредит ололмаётганидан норозилик билдирмоқда.

“Бу банк мени икки йилдан бери саргардон қилади. Улар аввалига менга корхонага асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 80 минг АҚШ доллари миқдорида кредит беришни ваъда қилганди. Гаровга қўйган нарсаларимдан ажралдим, лекин кредит берилмади”, - дейди Урфониён.

Муҳаммад Али, ўзининг айтишича, Самарқанддаги “Пешвор” қўшма корхонаси раҳбари. Корхона қурилиш плиталари ва ун қопи ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.

Унинг сўзларига қараганда, агар банк ваъда қилинган кредитни ўз вақтида берганида корхонанинг иши юришиб кетган, у билан тайёр маҳсулот олишга шартнома қилиб қўйган бошқа корхоналар олдида қарздор бўлиб қолмаган бўларди. “Содерат” банки аввалига кредит ажратишга розилик билдирган ва керакли ҳужжатларни тайёрлашга кўрсатма берган.

“Менга ҳали Эрондан келтирмаган жиҳозларни ҳам суғурта қилиш талабини қўйишди. Наилож суғурта қилдим. Лекин барибир кредит беришмади. Оқибатда суғурта пулига ҳам куйиб ўтирибман”, - деди Урфониён.

Муҳаммад Алининг таъкидлашича, у “Содерат” банкининг Тошкент филиалини бир неча бор судга берган. Суд бир сафар унинг фойдасига, кейин эса банк фойдасига қарор чиқарган. Икки йиллик югур-югурлар, сарф-харажатлар унга 8 минг долларга тушган.

Муҳаммад Али Урфониён токи банк унинг харажатларини тўламас ва қонуний кредитни бермас экан, банк биноси олдида очликни давом эттиришини билдирди.

Банкнинг Тошкент филиали раҳбари ўринбосари Насибахон Абдуллаева Муҳаммад Али Урфониён банк мижози эканини тасдиқлади. У ўртадаги низолар суд орқали ҳал этилгани, бошқа маълумотлар бера олмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG