Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:35

Юнус Бўронов фатво беряптими ёки фатво олганми?


Шайбон

“Ўзбекистон овози” газетасининг 3 сентябрь кунги сонида эълон қилинган Юнус Бўроновнинг “Айбдор бўлмасангиз, нега қочдингиз, биродар?” сарлавҳали мақоласи айрим эътирозлар туғдирмоқда.

Шундай эътирозлардан бирини таниқли адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков билдирди. Унинг айтишича, мақолада мамлакатда фаолият кўрсатаётган хорижий ОАВ мухбирлари бу ерда ишлаш учун яратиб берилган шарт-шароитни суиистеъмол қилаётганликда гумонланади. Улар Ўзбекистон тўғрисида умуман илиқ гаплар айтмаётганликда айбланади.

“Бу гаплар “Ўзбекистондаги юзлаб газета ва журналларга нега хорижий ОАВ жўр бўлмаяпти”, деган таънага ўхшайди. Ундан “бизга жўр бўлмасанг, Ўзбекистондаги цензурадан бўйин товлайдиган бўлсанг, ўзбошимчаларга шўро даврини кўрсатиб қўямиз”, деган маънони илғаб олиш қийин эмас. Мамлакатимиз ҳақида ҳар куни юзлаб айтилаётган илиқ эмас, ҳатто иссиқ ҳам эмас, қайноқ, тутатиб, ёндириб юборувчи фикрлар камлик қиляптими? Ёки шунча иқтисодий, сиёсий, маънавий мунофиқлик, ёлғон, муғомбирлик, аврашлар орасида бир тиниқ ойна ортиқчалик қилдими? Ўшани ҳам кўп кўриб, синдиришга фатво олдингизми ёки фатво беряпсизми”, - деди Б.Исабеков.

Мақолада “Би-Би-Си” радиоси мухбирининг Руминиядаги андижонлик қочқинлар жойлашган лагердан тайёрлаган лавҳаси ҳақида сўз борган. Унда радио мухбири ўзи суҳбатлашган қочқиннинг исмини бирор марта тилга олмагани, бу эса шубҳа уйғотиши айтилади.

“Бу шахснинг исми нега тилга олинмаганини Ю.Бўронов наҳотки билмайди? Бу шахснинг исми айтилса, бу ерда қолган қариндош-уруғининг ҳоли не кечишидан Ю.Бўроновнинг хабари йўқмикин? Газета мухбирига бу шахснинг исми нега керак? Исмсиз суҳбатлар тайёрлаш журналистикадаги оддий усул-ку”, деди Б.Исабеков.

PS. “Ўзбекистон овози” газетасининг 3 сентябрь сонида эълон қилинган Юнус Бўроновнинг “Айбдор бўлмасангиз, нега қочдингиз, биродар?” сарлавҳали мақоласидан бир парча: “...Жўнатилган сўровномада мени снайпер деб ёзишибди. Ўзи менинг кўзим яхши кўрмайди. Икки кўзимни операция қилдирганман. Иккинчи гуруҳ ногирониман.
-Кўзойнагингиз нечи?
-Кўзойнагим минус 20-21.
-Демак сизга снайпер деб айб қўйишган, шундайми?
-Ҳа, шундай дейишган (Би-Би-Си мухбири тайёрлаган лавҳадан олинган).”
Қаранг, журналистнинг терговчидек савол беришини. Ҳар бир гапи билан ўз фикрини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин ҳар нарсада мантиқ бўлиши керак. Нима, Ўзбекистон хуқуқ-тартибот органлари ходимлари шу даражада анойимиканки, яхши кўролмайдиган одамни мерган деб айбласа? Хўп, майли, сиз айтганча, ўша “қочоқ”қа снайпер деб айб қўйишибди. У Ўзбекистонда туриб ҳам ўзининг бегуноҳлигини исботлай оларди-ку. Бир метрдан нарини яхши кўролмайдиган одамни ким ҳам мерган деб айблаши мумкин? Ёки Ибрат Сафонинг суҳбатдоши тўқима образмикан?”
XS
SM
MD
LG