Линклар

Ш.Убайдуллаев “Ижтимоий фикр”нинг “латифа”сига ишонмайди


Феруза “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижалари Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи халқаро ва мамлакат ички ҳаётига оид янгиликларни давлат телевидениеси орқали олишини кўрсатган.

Марказ вакилларидан нима сабабдан ўзбекистонликлар бундай янгиликларни фақат давлат телевидениесидан олиши тўғрисидаги саволга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Мустақил журналист Сергей Ежковнинг фикрича, Ўзбекистон аҳолисининг асосий ахборот манбаи давлат телевидениеси эканига ишониш мумкин. Аммо бу хулоса ўзбек матбуоти учун фахр эмас, балки ўйлашга арзирли муаммо. Зеро, бундан фахрланиш эмас, балки матбуотни эркинлаштириш керак, деган хулоса чиқариш зарур.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳукумат талабларига жавоб берадиган матбуотгина яшашга ҳақли. Шундай бўлгач, ҳукумат манфаатларини ҳимоя қиладиган давлат телевидениеси аҳоли учун ягона ахборот манбаи бўлиши табиий. Фақат мавжуд тузум манфаатларига мос маълумотлар тарқатилиши ахборот очлигига олиб келган. Бу очлик ўзбек ўқувчисининг савияси пасайиб боришига сабаб бўляпти.

Журналист Шароф Убайдуллаев “Ижтимоий фикр” тарқатган маълумотлар ҳақиқатан йироқ эканини эътироф этди.

“Бизни бошқа каналлар тарқатадиган маълумотларга ишонмайдиган қилиб кўрсатишаётган бўлса, айтардимки, бу латифаларга уларнинг ўзидан бошқа одам ишонмайди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

“Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, рус тилида чоп этиладиган “Народное слово” ва “Правда востока” газеталарини ўзбекистонликларнинг бир фоизи мутолаа қилади.

Суҳбатдош журналистларнинг таъкидлашича, бу газеталар Ўзбекистон ва дунё ҳаётига оид маълумотларнинг ҳукумат талабига мосларини рус тилига ўгириб беради, холос. Қолаверса, уларга эҳтиёж йўқлиги сабабли ҳам кам нусхада чоп этилади.
XS
SM
MD
LG