Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Хоразмлик болалар боғча нималигини билмай ўсмоқда


Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятидаги боғча ёшигача бўлган 186 минг боланинг атиги 19 фоизи боғчага қатнайди. Вилоятда 2 ёшгача бўлган болаларни қабул қиладиган яслилар деярли ишламайди.

Хоразмда жами 434 та мактабгача таълим муассасаси бор. Бироқ уларнинг барчаси ҳам фаолият кўрсатаётгани йўқ. Хусусийлаштирилган болалар боғчаларининг кўплари ишламаяпти. Вилоятнинг чекка қишлоқларидаги болалар боғчалари у ёқда турсин, шаҳарлар яқинида жойлашган қишлоқларда ҳам боғчалар фаолияти йўлга қўйилмаган.

Урганч туманининг “Оқолтин” ширкат хўжалиги ҳудудидаги Юқорибоғ қишлоғида авваллари бир неча болалар боғчаси ишлаб турган. Бироқ сўнгги 10 йил қишлоқда болалар боғчалари умуман ишламаяпти. Юқорибоғдаги ўзига тўқ хонадонларнинг фарзандлари бошқа жойлардаги боғчаларга боради.

Юқорибоғлик 25 ёшли Хуршида Оллоберганованинг боғча ёшидаги икки фарзанди бор. Бола, албатта, боғчада тарбияланиши керак, деб ҳисоблайдиган Хуршида фарзандларини Урганч шаҳридаги боғчага берган. Болаларини боғчадан олиб келиш, олиб кетиш бир қанча қийинчиликлар, қўшимча харажатлар талаб қилади. Шунга қарамай, у фарзандлари тарбияси учун қайғурмоқда.

“Бола боғчада тарбияланса, кўп нарсани ўрганади. Болаларимнинг ўзи ҳам боғчага боришга талпинади. Ўзимиздаги боғчалар ишга тушса, анча қийинчиликлардан қутулардик”, - дейди Хуршида.

Қишлоқдаги икки қаватли “Камалак” боғчасида бир вақтлар 90 бола тарбияланган. Кейинчилик боғча биносида баҳорда ипак қурти боқила бошлади. Кузда боғча шаҳарлик ҳашарчилар учун ётоқхона вазифасини ўтайди. Айни пайтда боғча анча ташландиқ ҳолдадир.

Боғча биноси “Холли капитан” фермер хўжалиги томонидан сотиб олинган. Фермернинг хотини Холжон Қозоқованинг айтишича, бу ерда мактабга тайёрлов гуруҳи ташкил этилган.

Қишлоқдаги “Шодлик” болалар боғчаси ҳам 13 йилдан буён фаолият кўрсатмайди. 57 ёшли Раҳима Дурдиева 2003 йилда боғча биносини сотиб олиб, бу ерда оилавий болалар уйи ташкил этган. Айни пайтда Р.Дурдиева 7 нафар етим болани тарбияламоқда.
XS
SM
MD
LG