Линклар

Қашқадарё пахта теримига киришяпти


Фирдавс 5 сентябрдан Қашқадарё вилоятида пахта теримига оммавий сафарбарлик эълон қилинди. Олий ўқув юртлари ва коллежларда ўқиш тўхтатилиб, талабалар ёппасига пахта теримига жалб этилмоқда.

Вилоятнинг тоғли ҳудудларидан ҳашарчиларни чўл туманларига ташиш ҳам бошланиб кетди. Баъзи маълумотларга кўра, чўл туманларида мактабларнинг 9-11 синф ўқувчилари учун ўқишлар тўхтатилиб, улар теримга жўнатилмоқда.

Бу йил Қашқадарё режа бўйича давлатга 426 минг тонна пахта хомашёси сотиши лозим. Расмийлар эса маҳаллий матбуотга берган интервьюларида вилоят 500 минг тонналик хирмон кўтаришни мўлжаллаётгани, теримда 500 минг киши, жумладан, 300 мингдан ортиқ ҳашарчи иштирок этишини айтмоқда.

Норасмий манбаларнинг билдиришича, жорий йилда ҳашарчилар ётиши мўлжалланган шийпонларни мавсумга тайёрлаш, асосан, фермерлар зиммасига юклатилган.

Нишон туманилик фермернинг сўзларига қараганда, шийпонларни зарурий даражада тайёрлашга ҳамма фермернинг ҳам қудрати етмайди. Шу боис, бу йил аксарият шийпонлар талабга жавоб берадиган ҳолатга келтирилмаган. Ҳашарчилар учун яратилган шароитлар жуда ёмон.

“Бизнинг атрофимиздаги кўпгина шийпонларда эшик ва дераза ойналари йўқ. Ошхонаси йўқ. Баъзи жойларга электр тармоғи ўтказилмаган”, - деди нишонлик фермер.
XS
SM
MD
LG