Линклар

Б.Олимов гуманитар ёрдамларда пиар акцияни кўрмоқда


Шайбон Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакили Беруний Олимов баъзи давлатларнинг “Катрина” тўфони туфайли жабр кўрган Америкага кўрсатаётган ёрдами “ўта рамзий ва кулгили” эканини билдирди.

Унинг айтишича, шу кунга қадар 70 дан ортиқ давлат табиий офатдан азият чекаётган Америка халқига ўз гуманитар ёрдамини тавсия этган. Улар орасида бу фалокатдан пиар кампания сифатида фойдаланаётганлари ҳам учрамоқда.

“Бу каби (гуманитар) ёрдамларнинг аксарияти миқдор жиҳатдан жудаям камлиги, умуман ўта рамзий маънода экани кулгили ҳолатдир. Кўриниб турибдики, бу пиар акциядан бошқа нарса эмас. Америка халқи бугунги шароитда моддий эмас, маънавий ёрдамга муҳтож”, - деди Б.Олимов.

Б.Олимов “пиар акция қилаётган” давлатлар қайсилар эканига аниқлик киритмади ва Ўзбекистон бундай пиар акциялар билан шуғулланмаслиги, бу каби ҳолатларга жиддий қарашини таъкидлади.

Б.Олимовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Катрина” тўфони оқибатида юз берган талофотлар муносабати билан АҚШ раҳбари Жорж Бушга ҳамдардлик мактуби йўллаган. Мактубда Ўзбекистон халқи, ҳукумати ва шахсан президент номидан тўфон натижасида ҳалок бўлганларнинг яқинларига, қолаверса, бутун Америка халқига ҳамдардлик изҳор этилган.

Баъзи давлатларнинг чиндан ҳам “Катрина” тўфонидан АҚШга ёқиш мақсадида пиар кампания сифатида фойдаланаётгани бор гапми? Ўзбекистон президенти матбуот хизмати вакилининг баҳоси қанчалик тўғри? “Озодлик” мухбири шу каби саволлар билан ўзбекистонлик мустақил кузатувчиларга мурожаат қилди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, ҳар бир давлатнинг имкон қадар ёрдам кўрсатишга уринишини америкапарастликка йўйиш нотўғри. Аслида бундай ҳаракатлар ҳурматга лойиқдир.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ҳам ёрдам беришга интилган давлатлар борасида турли тахминларга бориш маънан ўринсиз эканини таъкидлади.

“Ҳеч бўлмаганда битта инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш, бировнинг оғирини енгил қилиш учун ёрдам кўрсатиш ажойиб ва маъқул иш. Буни қандайдир пиар акция ёки бошқа бир ном билан аташ нотўғри. Бунга ҳеч кимнинг маънавий ҳаққи йўқ”, - деди Б.Мусаев.

Маълумотларга кўра, “Катрина” тўфони оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб кишилар бошпанасиз қолган. АҚШдаги Нью Орлеан шаҳрининг асосий қисмини сув босган. Табиий офат муносабати билан Афғонистон АҚШга 100 минг доллар, Бангладеш 1 миллион, Озарбойжон 500 минг доллар, Хитой 5 миллион доллар миқдорида моддий ёрдам кўрсатишини билдирган.
XS
SM
MD
LG