Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Атроф-муҳит муаммоларига хабарлар


7 сентябрь – Чиқиндилар ёқиб юборилишига қарши кураш халқаро куни.
2001 йилдан бери саксонга яқин давлатда шу сана муносабати билан чиқиндилар ёқилишига қарши турли тадбирлар ўтказилади.


Чиқиндилар ёқилиши муаммоси Ўзбекистонда ҳам мавжуд. “Экосан” халқаро жамғармаси матбуот котиби Хония Асилбекованинг айтишича, жамғарма шу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиққан.

“Бу дастур “Саноат ва маиший чиқиндилар ҳамда аҳоли саломатлиги” деб номланади. 2002 йилда Ўзбекистонда “Чиқиндилар тўғрисида” қонун қабул қилинди ва анча ишлар амалга оширилди. Лекин барибир муаммо долзарблигича қолмоқда. Чунки ҳар йили республика бўйича 13 миллион куб метр қаттиқ чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларнинг 26 фоизигина маиший чиқиндилар тўпланадиган жойларга йиғилади. Уларни қайта ишлаш яхши йўлга қўйилмаган. Дастуримизда шу масалага катта эътибор қаратилган”, деди Х.Асилбекова.

Х.Асилбекова дастур доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида тадбирлар ўтказилиши белгиланганини маълум қилди.


*** ***** ***

Пекинда Хитой ва Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтди. Унда иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш ва бошқа муаммоларни ечишга қаратилган бир неча ҳужжат имзоланди.

Атроф-муҳит ҳимоячилари фикрича, мазкур келишувлар глобал аҳамиятга эга. Чунки бугунги кунда Хитой ва Европа Иттифоқи атроф-муҳитга зарарли газлар чиқаришда бир-биридан қолишмайди.

Пекин расмийлари 2030 йилга қадар мамлакатнинг энергетика соҳасига бир ярим триллион евро миқдорида сармоя ётқизишни режалаган. Хитой ҳукумати бу маблағни атроф-муҳитни кам ифлослантирувчи замонавий технологиялар харид қилиш ва қайта тикланувчан энергия соҳасини ривожлантиришга сарфлаш ниятида.



*** ***** ***

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Greenpeace” халқаро ташкилоти АҚШнинг Жанубий Луизиана, Миссисиппи ва Алабама штатларида рўй берган “Катрина” тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор қилди.

Ташкилот мутахассислари фикрича, саноат корхоналари чиқараётган зарарли газлар атмосферада тўпланиб, глобал иқлим исишига олиб келаётгани оқибатида табиий офатлар тез-тез рўй бермоқда. Шу боис, “Greenpeace” вакилларининг таъкидлашича, дунё давлатлари глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган ис гази атмосферага чиқарилишини қаттиқ назорат қилиши лозим.
Акс ҳолда кучли табиий офатлар ҳозиргига қараганда янада кўпайиши мумкин.

“Greenpeace” ташкилоти қайта тикланувчан энергия соҳасини ривожлантириш муаммони ечишнинг энг афзал йўли эканини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG