Линклар

logo-print

Матбуот анжуманида баъзи саволлар очиқ қолди

  • Садриддин Ашур

8 сентябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Олий Суди, Бош прокуратураси, Адлия ва Ички ишлар вазирликларининг масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

У Ўзбекистон президентининг ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоққа олиш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисидаги фармонларига бағишланди.

Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Жамоловнинг айтишича, президентнинг ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида фармони қабул қилинмасидан бу борадаги ислоҳотлар бошланган. Хусусан, мустақиллик йилларида ўлим жазоси қўлланиши мумкин бўлган жиноят таркиби 33 тадан 2 тагача камайган. Ҳозир фақат террорчилик ва оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик учунгина ўлим жазоси қўлланилади. Бу жазо вояга етмаганларга, хотин-қизларга, 60 ёшдан ошган фуқароларга ҳар қандай ҳолатда белгиланмайди.

Б.Жамолов бу фармон 2008 йил 1 январдан кучга киритилиши белгилангани бир қанча ҳуқуқий-ташкилий ишларни амалга ошириш, жумладан, хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва жазони ўталадиган янги муассасалар қуриш билан боғлиқлигини билдирди. У айни пайтда ўлим жазоси ижросини кутиб ётганлар сонини аниқлаштирмади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарофиддиновнинг сўзларига кўра, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш суд-ҳуқуқ тизимининг янада либераллашуви, айниқса, тергов жараёнида шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ масалани ҳал қилишда судлар ваколати кенгайишига олиб келади. Бу эса фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари суд жараёнигача янада самарали ҳимоя қилинишига имкон беради.

А.Шарофиддинов ўлим жазоси бекор қилингандан кейин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун халқаро стандартларга мос махсус янги қамоқхоналар қурилишини билдирди. У қамоқхоналарда қийноқларни текшириш мақсадида вазирлик вакиллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва “Фридом ҳаус” ташкилоти ходимлари билан биргаликда тузилган тезкор гуруҳ фаолияти давом этаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг Андижон воқеалари тўғрисидаги ҳисоботида бу ҳодиса содир бўлишини олдиндан билган бир қанча хорижий ОАВ вакиллари 9, 10 май кунлариёқ Андижонга чегарадош ҳудудларга келиб тургани ҳақида айтилганди. Аммо матбуот анжуманида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Нурмуҳаммедов бирор бир ОАВ номини аниқ айтмади.
XS
SM
MD
LG