Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

Бирдамлик ўзбек журналистларига бегона...ми?


Феруза “Озодлик” мухбири ўтказган кичик сўровда 8 сентябрь Журналистлар бирдамлиги халқаро куни сифатида нишонланишини ўзбекистонлик аксарият журналистлар билмаслиги маълум бўлди.

Шунинг учун улар билан жаҳон журналистларнинг ҳар доим бирдам бўлиши, ҳар қандай вазиятда бир-бирини ҳимоя қилиши, журналистиканинг асосий мезонларини бирдек ҳурмат қилиши лозимлигини эслатиб турадиган бу сана ҳақида эмас, балки ўзбек журналистлари орасидаги бирдамлик қай даражада экани тўғрисида суҳбат қуриш маъқул кўринди.

Бироқ суҳбатга чорланган маҳаллий журналистларнинг кўпчилиги мавзу юзасидан суҳбатлашгиси келмади. Бу ҳақда фикр билдирганларнинг аксарияти эса Ўзбекистон журналистларида бирдамлик йўқлигини қатъий айтди.

Журналист Жамила Соипованинг фикрича, кейинги вақтларда журналистлар ўртасида бирдамлик сезилмайди. Агар бирдамлик бўлганида эди, журналистлар одамларнинг ишончини йўқотмаган бўларди.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, сўз эркинлиги бўғилган, диктатура ҳукмрон ёпиқ жамиятда журналистлар бирдамлиги ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки бундай жамиятларни журналистлар қўрқув исканжасида бўлади.

Бундан бир қанча вақт муқаддам ўз уйи олдида ўласи қилиб калтаклаб кетилган бухоролик журналист Ражаббой Раупов ҳамкасбларидан кўнгли қолганини яширмади.

“Ўзбекистонда бошига кўргулик тушган журналистдан, аввало, унинг ҳамкасблари юз ўгиради. Танқид бўғилиши, зулмдан журналист шунчалик қўрқоқ бўлиб қолган эканки, улар мендан бир оғиз ҳол сўрашга ярамади. Мен уларни ҳеч қачон кечирмайман. Мен ҳам ёзувчилар, ҳам журналистлар уюшмаси аъзосиман. Мен террорчи ёки журналист эмасманки, касбдошларим ҳолимдан хабар олишга келмаса”, - деди Р.Раупов.

“Ҳуррият” газетасида ишлаган ёш журналист Собиржон Ёқубов диний айблар билан бир неча ойдан буён ҳибсда сақланмоқда. Унинг ҳимояси учун, биринчи навбатда, мустақил журналистлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари турли акциялар ташкил этганди.

“Озодлик” мухбири “Ҳуррият” газетаси ходимларининг С.Ёқубов тақдирига қанчалик эътибор бераётганига қизиқди. Газета бош муҳаррири бу борадаги саволларга жавоб беришни ёш журналист Бунёд Абдуллаев зиммасига юклади.

“Мен кўр-кўрона ҳимоя қилишни гумроҳликнинг бир тури, деб ўйлайман”, - деди Б.Абдуллаев ҳамкасби С.Ёқубов тақдирига қандай қараши тўғрисидаги саволга.

Журналист Жамила Соипованинг эътирофича, ҳозир ўзбек журналистлари фақат ўз қобиғига ўралиб қолган. Улар “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш тутади. С.Ёқубовни ҳам у ишлаган таҳририят ҳимоя қилиши лозим эди. Чунки таҳририят унинг хизматидан озми-кўпми фойдаланган.
XS
SM
MD
LG