Линклар

logo-print

Қирғизистон Ўзбекистоннинг даъволарини рад этмоқда

  • Садриддин Ашур

Қирғизистон томони Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Андижон воқеалари иштирокчилари мазкур давлат ҳудудида тайёргарликдан ўтгани ва улар орасида қирғиз фуқаролари бўлганини инкор қилмоқда.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Вячеслав Хан “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг даъволарини рад этди.

“Биз гўёки террорчилар Қирғизистон ҳудудида тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги гапларга ҳайрон қоляпмиз. Ўзбекистон Бош прокуратураси тезкор тергов гуруҳи Қирғизистонда бўлиб, бу фактни қирғиз ҳамкасблари билан биргаликда текшириб чиққан эди. Лекин террорчилар тайёргарликдан ўтган ҳеч қандай лагерь топилгани йўқ”, - деди В.Хан.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош прокуратураси тезкор тергов гуруҳи ҳисоботида Андижон воқеаларига тайёргарлик кўриш майдони сифатида “сценарий муаллифлари” томонидан Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидаги ҳудуд танлангани, бу ерда 70 нафар диний экстремист қўпорувчилик-террорчилик усуллари бўйича тайёргарлик кўргани, Андижон воқеаларида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг тайёргарлик ўтаган ва қуролланган 60 фуқаросини чегарани бузиб ўтгани айтилган.

В.Хан сўзларига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси вакиллари Қирғизистон Мудофаа вазирлигининг мамлакат жанубида жойлашган махсус полигонида ҳам бўлган, лекин ҳеч қандай лагерь топилмаган. Бундан ташқари, лагерь бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган ер мерганлик машқлари ўтказаладиган ташландиқ жойлиги, у Ўзбекистонга тегишли экани аниқланган. Буни Ўзбекистон томони ҳам тан олган.

“Бизда Қирғизистоннинг 60 фуқароси Андижон воқеаларида иштирок этганини тасдиқловчи маълумот йўқ. Биздаги маълумотларга кўра, Андижон воқеалари чоғида Қирғизистоннинг 39 фуқароси ушланган бўлиб, уларнинг ҳаммаси Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган. Ҳозирги пайтда бу борада текширув олиб бориляпти. Лекин улардан бирортаси қамоққа олингани ёки ҳибсда сақланаётгани йўқ. Шундан келиб чиқиб, уларни террорчи ёки жангари, деб айблаш учун ҳеч қандай асос йўқ. Чунки қирғиз фуқароларига қарши бирор далил бўлганида Ўзбекистон ҳеч қачон уларни Қирғизистонга бермаган бўларди”, - деди В.Хан.

В.Хан агар Ўзбекистон томони аниқ далиллар билан мурожаат этса, Қирғизистон бу масалани биргаликда текшириб чиқишга доим тайёрлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG