Линклар

logo-print

Жамшид Каримовга “ов” бошландими?


Шайбон 8 сентябрь куни тушга яқин жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовга ҳужум уюштирилди. Номаълум шахс машинада уни атайин уриб кетишга ҳаракат қилди.

Ж.Каримовнинг “Озодлик” радиосига айтишича, бозордан қайтаётганида кўчада номаълум шахс машинани тўғри унинг устига ҳайдаган. У ўзини четга олиб қолишга улгурган. Фақат зарбадан тиззасига сал шикаст етган. Шундан кейин машина орқасига қайтиб, яна уни босиб кетишга уринган. У зўрға қочиб қолган.

Ж.Каримов машина ҳайдовчисини аввал жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг уйи олдида бир неча марта кўргани, бу шахс ҳуқуқ ҳимоячилари ортидан кузатиб юрадиганлардан бири эканини таъкидлади.

Журналистнинг сўзларига қараганда, бу ҳужум унинг чет эл элчихоналаридан бирининг вакиллари билан учрашувни режалаштирилгани билан боғлиқ.

“Мен Б.Ҳамроев билан бу учрашувга бирга бориш ҳақида телефон орқали гаплашгандим. Телефонларимиз эшитилишини назарда тутсак, бу ҳужум тасодифий эмас. Чунки бизникилар чет давлатларнинг аралашувини ёмон кўради. Булардан Россиядаги қариндошларимникига кўчиб кетиб қутулмасам, бошқа йўли қолмаганга ўхшайди. Менга нисбатан ов бошланган чоғи”, - деди Ж.Каримов.

Ж.Каримов ҳозир Жиззахда журналистнинг ахборот олишга уриниши ҳам “ҳаёт учун хавфли” бўлиб қолганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, мустақиллик байрамидан аввал Жиззах маъмурлари Ж.Каримовдан байрам ўтгунга қадар шаҳарни тарк этишни талаб қилганди. Улар Жамшиддан “байрамни бузмаслик”ни сўраганди.
XS
SM
MD
LG