Линклар

“ЎзДэуавто” тўла Ўзбекистон ихтиёрига ўтади


Дилнаво Ўзбекистон жорий йилнинг октябрь ойида Жанубий Кореянинг “Дэу моторс” компаниясидан Асакадаги “Ўздэуавто” қўшма корхонаси акцияларининг 50 фоизлик улушини тўла сотиб олади.

Маълум бўлишича, шу кунгача Ўзбекистон бу акциялар қийматининг 70 фоизини тўлаб улгурган.

“Дэу Моторс” Асакадаги “ЎзДэуавто” қўшма корхонаси таъсисчиларидан бири бўлиб, 1998 йилда банкротга учраган эди. Гарчи компания ҳозир автомобиль бизнеси билан шуғулланмаётган бўлса-да, ҳуқуқий жиҳатдан қўшма корхона таъсисчиларидан бири бўлиб қолаётир.

“Ҳозир компаниянинг вазифаси “Дэу” корпорацияси автомобиль бизнесининг дебиторлик ва кредиторлик мажбуриятларини тугатишдан иборат”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “ЎзДэуавто” қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Ольга Раҳимжонова.

Унинг айтишича, қўшма корхона акцияларининг 50 фоизлик давлат пакетини “Ўзавтосаноат” уюшмаси идора қилади. Жорий йил май ойида уюшма “ЎзДэуавто”нинг қолган 50 фоиз акцияларини сотиб олиш бўйича “Дэу Моторс”нинг кредиторлар қўмитаси билан битим имзолаган. Мазкур акциялар бўйича сўнгги тўлов октябрь ойи ўрталарида амалга оширилади.

О.Раҳимжонованинг билдиришича, “Дэу Моторс” “Женерал Моторс” корпорацияси томонидан сотиб олинган ва унинг негизида автомобиль ишлаб чиқарувчи “Женерал Моторс Дэу Автомобайл энд Текноложи” номли янги компания ташкил этилган. Янги компания “Дэу Моторс”нинг қарзларидан қутулиш мақсадида унинг акцияларини “Женерал Моторс” ва унинг автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳамкорлари ҳамда кредитор банкларга тақсимлаган.

Янги компания, О.Раҳимжонованинг таъкидлашича, “ЎзДэуавто”нинг ҳамкорларидан бири бўлиб, қўшма корхонага бутловчи қисмларни етказиб беради.

О.Раҳимжонова Ўзбекистон ҳозирча Асакадаги заводга тўла эга бўлгач, унинг акцияларини сотишни режалаштирмаётганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, “ЎзДэуавто”нинг низом жамғармаси 200 миллион доллар бўлиб, компаниянинг бозор қиймати тахминан 670 миллион долларни ташкил этади. Қўшма корхона йилига 200 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳа қувватига эга. Ҳозир бу ерда 4 турдаги енгил автомобиль ишлаб чиқарилади. Заводда 2003 йилда 40 мингдан, 2004 йилда 70 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2005 йилда 110 минг дона автомобиль йиғилиши режалаштирилган. Қўшма корхона 2005 йилнинг январь-июль ойларида автомобиль ишлаб чиқаришни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75,5 фоизга оширган. Жорий йилда “ЎзДэуавто” 56,9 минг дона автомобиль экспорт қилишни мўлжаллаган.
XS
SM
MD
LG