Линклар

“Интерньюс” бошига Сорос жамғармасининг куни тушди

  • Садриддин Ашур

9 сентябрь куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди Ўзбекистонда ўн йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Интерньюс нетуорк” ташкилоти ваколатхонасини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.

Судда иштирок этган журналистларнинг айтишича, суд жараёни узоққа чўзилмаган. Суд прокуратуранинг ваколатхона ўз фаолияти давомида Ўзбекистон қонунчилигини бузгани тўғрисидаги даъвосини узоқ ўрганиб ўтирмасдан инобатга олган ва судья шундоққина қарорни эълон қилиб қўя қолган.

“Интерньюс” ташкилоти, асосан, журналистларни қайта тайёрлаш ишлари билан шуғулланган. Ташкилот Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида маҳаллий телевидениелар журналистлари учун семинар тренинглар ўтказган, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юргизган.

“Арена” сайти раҳбари Инера Сафаргалиева 2004 йилда Ўзбекистонда Сорос жамғармаси ёпилишининг қисмати “Интерньюс” бошига ҳам тушиши аввалдан кутилганини билдирди.

“Чунки ҳукумат турли соҳаларда, жумладан, журналистлар билан озми-кўпми эркин ишлайдиган мустақил ташкилотларни ёпмас экан, хотиржам бўла олмайди. Аслида Сорос жамғармаси ҳам, “Интерньюс” ҳам ҳукуматнинг ғашини келтирадиган ҳеч қандай иш қилгани йўқ. Улар эркин фикрловчиларни қўллаб-қувватларди, холос”, - деди И.Сарфаргалиева.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг тахминича, “Интерньюс”нинг ёпилишига Ўзбекистонда “рангли инқилоб”ларнинг олдини олиш йўлидаги ҳаракатлар сабаб бўлиши мумкин. Чунки ҳозир ҳукумат кишилар, айниқса, зиёли ва журналистлар онгига ҳурфикрлиликни сингдирадиган “Интеньюс”га ўхшаган халқаро ташкилотларни Ўзбекистондан чиқариб юбориш ёки фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қиляпти.

2004 йил 13 сентябрь куни суд қарори билан “Интерньюс” нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти ҳам 6 ойга тўхталиб қўйилган эди. Бироқ орадан бир йил вақт ўтса ҳам ННТ ўз фаолиятини тиклаёлгани йўқ. Аксинча, ушбу ННТ раҳбари ва “Интерньюс нетуорк” ваколатхонаси ижрочи директори Холида Анорбоева ҳамда ваколатхона ҳисобчиси Ольга Нормуродова устидан жиноят иши қўзғатилди. Яқинда улар лицензия олмасдан видео ва аудиоматериаллар тарқатишда айбдор топилди, лекин амнистия бўйича жазони ўташдан озод этилди.
XS
SM
MD
LG