Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Россияда яна бир ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови асосида Россияда яна бир ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Асли қашқадарёлик Байрамали Юсупов ҳозир Тюмень шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторида ўтирибди.

Россиядаги “Мемориал” ташкилотининг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш дастури директори Виталий Пономарёвнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Тюмендаги қурилиш бўйича Россия-Туркия қўшма корхонаси менежери Б.Юсупов уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан 31 август куни ушланган. Айни пайтда уни экстрадиция қилиш масаласи Россия Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Биздаги маълумотларга кўра, Б.Юсупов Ўзбекистонда 1999 йилдаги портлашлардан сўнг оммавий қамоққа олишлар кампаниясига тушиб қолган. У ўзи ўқиётган Самарқанд давлат университетининг иқтисодиёт факультетидан ҳайдалиб, устидан жиноий иш қўзғатилган. Махсус хизмат ходимлари уни ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорлик, ислом давлати қуриш каби айбларни бўйнига олишга мажбур қилган, сўнгра амнистия асосида жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган”, - деди В.Пономарёв.

Унинг сўзларига қараганда, 2003 йилда Б.Юсупов Тошкентга келиб, турк фирмасига ишга кирган. Лекин милиция ходимларининг таъқиби натижасида Россияга кетишга мажбур бўлган.

“Маълум бўлишича, - деди В.Пономарёв, - 2004 йил 24 декабрда Б.Юсупов устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 (констуциявий тузумга тажовуз қилиш) ва бошқа бир неча моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. 2005 йил 3 февралда унинг сурати қидирилаётган шахс сифатида Қашқадарёнинг “Посбон” газетасида чоп қилинган. У август ойининг ўрталарида қочқин мақомини бериш тўғрисида Россия миграция хизматига мурожаат қилди. Чунки у Ўзбекистонга қайтарилса, бошига оғир азоблар ва қийноқлар тушишини биларди”.

Россиядаги “Фуқаролик кўмаги” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимаси Елена Рябининанинг билдиришича, халқаро қонунчиликка кўра, бошпана ахтараётган шахслар экстрадиция қилиниши керак эмас. Айни пайтда қўмита Б.Юсупов иши билан фаол шуғулланмоқда.

“Б.Юсуповга ўхшаганлар Россияда нега кўп ушланаётгани сабаблари равшан. Чунки илгари ҳам, айниқса, Андижон воқеаларидан кейин Россия раҳбарияти Ислом Каримов тузумини қўллаб-қувватлаяпти. Соддароқ айтганда, икки давлат ҳукуматлари ҳозир жуда қалин дўст. Аллақандай одамларнинг ҳаёти деб улар бу дўстликка раҳна солмоқчи эмас”, - деди Е.Рябинина.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова ўзида Б.Юсупов иши бўйича ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG