Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик алпинист рекорд ўрнатди


Озодбек Ўзбекистонлик халқаро тоифадаги спорт устаси, алпинист Илёс Тухватулин россиялик шериги Павел Шабалин билан бирга Хонтангри чўққисини қисқа вақт оралиғида забт этиш бўйича рекорд ўрнатди.

Бу воқеа алпинизм бўйича Россия очиқ чемпионатида юз берди.

Алпинизм бўйича Ўзбекитон терма жамоаси бош мураббийси Анатолий Шабановнинг айтишича, Тяньшань тоғ тизмасидаги баландлиги 6995 метр бўлган Хонтангри забт этилиши қийин бўлган чўққилардан бири. Илёс бу ерда ўтказиладиган Россия очиқ чемпионатига 26 июль куни жўнаб кетган. Об-ҳаво ноқулай бўлгани сабабли чемпионат бироз кечиктирилган. 16 августга қадар ҳеч ким оддий йўналиш бўйича ҳам чўққига кўтарилишга ҳаракат қилмаган. И.Тухватулин ва П.Шабалиннинг шу кунги уриниши ҳам муваффақиятсиз бўлган. 20 август куни улар чўққини забт этишга жиддий киришган.

А.Шабанов сўзларига кўра, И.Тухватуллин ва П.Шабалиннинг Хонтангрига кўтарилишига 8 кун, ортга қайтишига 2 кун вақт кетган. Улар ўзи билан 5-6 кунга етадиган озиқ-овқат олгани учун охирги 2 кун анча қийинчиликларни бошдан кечирган.

“Улар Хонтангрига одатдаги эмас, балки қийин йўналишдан жуда тез кўтарилди. Аслида алпинизмда рекорд ўрнатиш тушунчаси йўқ. Лекин уларнинг натижасини рекорд деса бўлади”, деди А.Шабанов.

Илёснинг онаси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўғли чўққига кўтарилишда қўл ва оёқ бармоқларини бироз совуққа олдиргани учун ҳозир Тошкентда шифохонада даволанаётганини билдирди.

Маълумотларга кўра, И.Тухватуллин Тяньшань, Помир-Олой, Ҳимолай тоғ тизмаларидаги энг баланд чўққиларга кўп бор кўтарилган. У машҳур Жомолунгмага ҳам икки марта чиққан.
XS
SM
MD
LG