Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

“Интерньюс” ваколатхонасининг ёпилиши кўпчиликни хафа қилди


Феруза “Интерньюс нетуорк” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон қонунчилигини бузишда айбланиб, суд қарори билан ёпилгани чет эллик журналист ва мутахассисларда ҳам кучли таассуф уйғотмоқда.

Ўзбекистондаги сўз ва фикр эркинлиги бўйича вазиятни ўрганиш юзасидан мониторинг ўтказиб келаётган “Одил сўз” халқаро ташкилоти президенти Тамара Калеева “Интерньюс нетуорк” ваколатхонаси ёпилишидан қаттиқ хафа эканини билдирди.

“Биз “Интерньюс”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан бир неча йиллардан бери ҳамкорлик қилаётган эдик. Менимча, бу ташкилот фаолияти тўлалигича Ўзбекистон жамияти ва жамоатчилиги манфаатлари учун хизмат қилаётганди. Ўзбекистон ҳукуматининг уйдирма, мутлақо асоссиз ва ишонарсиз айблари билан ваколатхона ёпилди. Буни мен Ўзбекистон ҳукуматининг ўз халқини ахборот бўшлиғида ушлаб туриш учун ҳаракати ва ҳукуматнинг мавҳум нарсалардан чўчиб, қаттиқ қўрқувга тушиши, деб баҳолайман”, - деди Т.Кулеева.

Т.Калееванинг фикрича, Ўзбекистондаги маҳаллий телеканаллари меъдага тегадиган даражада бир хил бўлиб, уни томоша қиладиганлар дам олиш ўрнига асабийлашади. Бу муаммоларни бартараф этишда “Интерньюс”нинг хизмати катта бўлиши мумкин эди.

Россия экстремал журналистика маркази директори Олег Панфиловнинг таъкидлашича, “Интерньюс” ваколатхонасининг ёпилишига Ўзбекистон ҳукуматининг муқобил маълумотлар йиғувчи ва тарқатувчи ҳар қандай ташкилотнинг мамлакатда фаолият кўрсатишига йўл қўймаслигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракати сабабдир. Тележурналистларни ўқитиш, уларга ёрдам бериш, қолаверса, юқори савияли профессионал дастурлар тайёрлаш билан шуғулланадиган “Интерньюс”нинг ёпилиши ачинарли ҳол.

О.Панфилов ваколатхонанинг ёпилишига Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон АҚШ билан муносабатлари совуқлашиб бораётгани ҳам муҳим роль ўйнаганини билдирди.

Тожикистондаги мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ҳукумати ваколатхонани ёпиш билан мамлакатдаги мустақил ОАВни дунё жамоатчилиги қўллаб-қувватлаётган ҳуқуқларидан маҳрум қилган.

“Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қарори мамлакатда демократик тамойилларга асосланган сўз ва фикр эркинлигини бўғишдан бошқа нарса эмас”, - деди Н.Қаршибоев.
XS
SM
MD
LG