Линклар

Ўзбек божхоначилари Қирғизистон фуқаросини калтаклади


Шайбон Қирғизистон фуқароси 39 ёшли Ҳамид Раҳмонқулов Жалолободдан Ўзбекистоннинг Қорасув шаҳрига келаётганида ўзбек божхоначилари томонидан калтакланиб, ёнидаги пуллари олиб қўйилди.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг “Адолат” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Абдумалик Шарипов маълум қилди. Унинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Ҳ.Раҳмонқулов Қорасувга велосипед эҳтиёт қисмларини сотиб олиш учун ўтмоқчи бўлган.

“Божхонадан ўтаётганида божхоначилар ундан пакетида нима борлигини сўраган. У пакетда 450 минг сўм борлигини айтган. Божхоначилар чегарадан бунча пул олиб ўтиш мумкин эмаслигини айтгач, у орқага қайтиб, пулларни бир танишига бериб юборган. Ёнида 300 доллар, 26 минг ўзбек сўми, 89 қирғиз соми билан яна божхона постига келган. Божхоначилар пуллар қаерда эканини сўраганда, у танишига бериб юборганини билдирган. Шундан кейин божхоначилар уни уришни бошлаган”, - деди А.Шарипов.

А.Шариповнинг ҳикоя қилишича, божхоначилар Ҳ.Раҳмонқуловни хонага олиб кириб, калтаклашни давом эттирган. Калтаклаш Ҳ.Раҳмонқулов ҳушини йўқотгандан кейингина тўхтаган. Бир оз ўтиб ҳушига келган Ҳ.Раҳмонқуловдан божхоначилар божхона декларацияси тўлдиришни, лекин унга 300 долларни ёзмасликни талаб қилган. Чунки 300 долларни божхоначилар олиб қўйган. Улар Ҳ.Раҳмонқуловни пулини талаб қилса, ёнига наркотик модда солиб қўйиб, қамаш билан қўрқитган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг билдиришича, божхоначилар Ҳ.Раҳмонқуловни Қирғизистонга қайтиб кетишга қўймай, Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳри томонга жўнатиб юборган. У йўлда аҳволи ёмонлашиб, йўловчи машинада шифохонага етиб борган. Бу ерга етиб келган милиция участка инспектори жабрланувчидан тушунтириш хати ёздириб олган ва кечга яқин шифохонага божхоначилар билан қайтган. Божхоначилар Ҳ.Раҳмонқуловдан милицияга ёзган аризасини қайтариб олишни, эвазига 300 долларнинг ярмини қайтариб беришини айтган. Жабрланувчи кўнмагач, улар “қўлингдан келганини қил”, дея чиқиб кетган. Эртаси куни Ҳ.Раҳмонқулов Хонобод прокуратурасига мурожаат этган, лекин бу ердан ҳам натижа чиқмагач, айланма йўллар билан Жалолободга қочган ва бўлиб ўтган воқеани “Адолат” ташкилоти вакилларига сўзлаб берган.

А.Шариповнинг айтишича, Ҳ.Раҳмонқулов бўлиб ўтган воқеа юзасидан Жалолобод вилояти прокуратурасига ҳам мурожаат қилган. Прокуратура вакиллари эса ҳеч қандай ёрдам бера олмаслиги, зеро, Ўзбекистон томони ҳар қандай мурожаатни писанд қилмай қўйганини билдирган.

Мазкур маълумот юзасидан Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидан бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади. Аммо Миллий хавфсизлик хизмати вакили Олим Тўрақулов бу воқеа жиддий ўрганиб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.

“Агар айтилган гаплар исботини топса, божхоначилар жазога тортилиши аниқ”, - деди О.Тўрақулов.
XS
SM
MD
LG