Линклар

logo-print

Челябинск Тошкентга яқин бўлди


Озодбек 11 сентябрдан бошлаб “Россия темир йўллари” очиқ акциядорлик жамиятининг филиали бўлмиш “Жанубий Урал темир йўллари” компанияси Челябинск-Оренбург-Тошкент йўналиши бўйича поездлар қатновини йўлга қўйди.

Компания матбуот хизмати вакили Дмитрий Перцовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, поезд Тошкентга 60 соатда етиб келади. Поезд Қартоли, Орск, Оренбург, Эмба, Саксовул, Қизилўрда, Туркистон, Сариоғоч станцияларидан ўтади. Купе вагон нархи 1945 Россия рубли, плацкарт нархи эса 1212 рублни ташкил этади. Мазкур қатнов 2006 йил ёзга қадар амалга оширилади. Ёзда эса тўхтатилади.

“Гап шундаки, бизда ёз вақтларида жанубга қатнов жуда кўплиги учун йўллар банд бўлади. Шунинг учун Челябинск-Тошкент йўналиши бекор қилинади. Уфа-Тошкент йўналишидаги поездларга эса Челябинскдан қўшимча вагонлар қўшилади”, - деди Д.Перцов.

Д.Перцов МДҲнинг Темир йўллар бўйича кенгаши қарори билан Марказий Осиё ва Россия Федерацияси ўртасида тўхтаб қолган баъзи қатновлар қайта тикланаётгани, келажакда турли янги қатновлар йўлга қўйилиши мумкинлигини билдирди.

Тошкент марказий вокзали бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Тошмуҳаммедовнинг айтишича, Челябинск-Тошкент йўналишида поездлар қатнови аввал ҳам амалга оширилган. Қишда бу йўналишда йўловчиларнинг келди-кеттиси кўпаяди. Илгари бу йўналишдаги эҳтиёж Уфа-Тошкент поезди қатнови орқали қондирилган.
XS
SM
MD
LG