Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:22

Ўзбекистонда АҚШнинг яна бир ташкилоти вақтинча ёпилди


12 ноябрь куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судининг қарори билан “Айрекс” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти олти ой муддатга тўхтатилди.

Адлия вазирлиги киритган тақдимнома асосида бу ишни кўриб чиққан суд мазкур ташкилот ўз фаолияти давомида Ўзбекистон қонунчилигини бузган, деган қарорга келди.

Вазирлик тақдимномасида айтилишича, ваколатхона бажарган бир неча дастурлар “Айрекс” халқаро ташкилотини тузиш мақсадларига ҳам, унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мақсадларига ҳам тўғри келмайди.

Тақдимномада ваколатхона вазирликка 2004 йилнинг бошидан шу кунга қадар АҚШда ўқиб қайтган талабаларнинг тўла рўйхатини беришдан ва бу ҳақда ахборот тақдим этишдан бош тортгани қайд этилади.

Адлия вазирлиги ўз даъвосини “Айрекс” ва АҚШ элчихонасининг бу маълумотларни ошкор этишни рад этганлиги билан асослаган.

Тақдимномада таъкидланишича, ваколатхона рамз сифатида бош идорасининг Ўзбекистонда давлат қайдидан ўтмаган рамзидан фойдаланган.

“Айрекс” Ўзбекистонда 1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Ваколатхона талабалар алмашиш, мактабларда Интернетни жорий этиш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича АҚШ Давлат департаментининг 8 та дастури ва ЮСАИДнинг бир дастури бўйича фаолият юргизади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг билдиришича, “Айрекс”нинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳар доим шаффоф бўлган. У Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда энг кучли талабаларни тест асосида синовдан ўтказиб, турли мамлакатларга ўқишга жўнатган. Бу талабаларнинг кўпи юртига қайтмаган. Бироқ айримлари Ўзбекистонга қайтган.

“Чет элда ўқиб келган жуда кўп мутахассисларга иш берилмади, давлат томонидан эътибор бўлмади. Улар орасида қайтиб кетишга мажбур бўлганлари ҳам бор”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG