Линклар

Каримов Нью-Йоркка бормайди. Нега?


Шайбон Ўзбекистон президенти Ислом Каримов БМТ Бош ассамблеясининг 60 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган йиғилишга бормайди. Бу тадбирга мамлакат ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев қатнашади.

Аммо Э.Ғаниевнинг ташрифи қисқа муддат давом этади. Унинг бу ташрифи Ўзбекистон номидан маъруза қилишдан иборат.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Беруний Олимов маълум қилди. У президентнинг БМТ йиғилишига бормаслик сабабларини ошкор этмади.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича эса бу йиғинга давлат раҳбарининг бориши шарт эмас. Одатда бундай йиғилишларга бош вазир ёки ташқи ишлар вазири ҳам бориши мумкин. Ҳатто унга мамлакатнинг БМТдаги вакили қатнашиб қўйса ҳам бўлаверади.

Дунё ўнлаб мамлакатлари раҳбарлари келиши кутилаётган БМТ Бош ассамблеяси йиғилишига Ўзбекистон президентининг бормаслиги маҳаллий кузатувчиларга турли мулоҳазаларни пайдо қилмоқда.

Кўп йиллар юқори давлат идораларида ишлаган журналист Шароф Убайдуллаев И.Каримовнинг Нью-Йоркка бормаслиги сабабини Андижон воқеаларидан қидириш кераклиги билдирди.

“Бу воқеалар юзасидан президентга ўз даражасидан келиб чиқиб маслаҳат берадиганлар кўпайди. Президент шундай боши берк кўчага олиб бориб тиқилдики, на маслаҳатчилардан воз кечишни билмайди, на уларни жазолашни билмайди. Унинг БМТ йиғилишга бормаслигига ҳам маслаҳатчиларнинг у ерда айрим муаммолар келиб чиқиши мумкинлиги тўғрисидаги маслаҳатлари сабаб бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас”, - деди Ш.Убайдуллаев.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов эса президент лавозимидан айрилиб қолишдан қўрқиб, БМТ йиғилишига бормаганини тахмин қилди. Унинг таъкидлашича, бу қарор президентнинг шахсий кечинмалари натижасидир. Зеро, ҳозир мамлакатда аҳвол жуда қалтис.

“Бундан ташқари, - деди О.Орипов, - унда (президентда) дунё мамлакатлари орасида четланиб қолганини ҳис этишдан, бу ҳолат амалда кўринишидан қўрқув ҳам бор”.

Собиқ дипломат, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг халқаро обрўси анча тушиб кетган. Бундай шароитда мамлакат раҳбариятининг бошқа давлатлар раҳбарлари билан учрашиб, музокара ўтказиш имконияти ҳам пасайган. Буларни ҳисобга олган И.Каримов Бош ассамблея йиғилишига боришдан бош тортган бўлиши мумкин. Тадбирга ташқи ишлар вазири бориши эса амалда унинг бошқа давлатлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмаслигини англатади.

Отаназар Ориповнинг билдиришича, дунё жамоатчилиги, жумладан, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, ривожланган давлатларнинг Ўзбекистон раҳбарига муносабати салбий томонга ўзгарган. Улар мамлакат раҳбарини инкор этмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбари ҳам уларнинг талабларини инкор этяпти.

Тошпўлат Йўлдошев ҳам Ўзбекистон халқаро майдонда яккаланиб қолгани, президентнинг оламшумул йиғинга бормаслиги бунинг исботи эканини таъкидлади.

“Андижон воқеалари Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан алоқалари кескинлашишига сабаб бўлди. Ҳозир Ислом Каримов Нью-Йоркка бормаса ҳам бундан ҳеч ким афсусланмайди. Бу ҳолат дунёда Ўзбекистоннинг обрўси тушиб кетганидан, у яккаланиб қолганидан дарак беради, холос”, - деди Т.Йўлдошев.

Шароф Убайдуллаев эса бу борада: “БМТнинг шундай йирик тадбирига 1,5 миллиардлик Хитой ҳам, қарийб 1 миллиард нуфуслик Ҳиндистон ҳам келади. Бу даврада “биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деган баландпарвоз шиоримиз ортиқчадир”, - деди.
XS
SM
MD
LG