Линклар

Ўзбек аёлларининг камбағаллиги билинди...ми?


Феруза Тошкентдаги “Дедеман силк роад” меҳмонхонасида Ўзбекистонда илк бор гўзаллик кўргазмаси очилди. Бу ерда дунёнинг машҳур ва йирик парфюмерия компаниялари маҳсулотлари намойиш этиляпти.

Кўргазмага ташриф буюрган кишида дастлаб ўзбек аёллари Франция, Россия, Жанубий Корея каби кўплаб мамлакатлар компанияларининг маҳсулотларига қизиқмайди шекилли, деган таассурот қолиши мумкин. Зеро, бу ерда Европа миллатига мансуб аёллар орасидан ўзбек хотин-қизларини топиш анча мушкул бўлди.

Кўргазма ташкилотчиси бўлмиш АҚШнинг “Ти-Эн-Ти продакшнс” компаниясининг Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Анастасия Костеева ҳам кўргазмага ўзбек аёллари кам келганини тасдиқлайди.

“Ҳар қандай аёл энг яхши атир-упалардан фойдаланишни, атрофдагиларни ўзига кўпроқ жалб этишни истайди. Бизнингча, ўзбек аёллари ҳам бундан мустасно эмас. Афсуслар бўлсинки, кўргазмага маҳаллий аёллар кам келяпти. Назаримда кўргазма биз кутгандек катта аудиторияни ўзига жалб эта олмади”, - А.Костеева.

Украинанинг “Сенита” компанияси вакили ҳам ўзбек аёллари ўзларига оро бериш учун вақт топа олмаётганидан ҳайронлигини билдирди. Унинг айтишича, кўп фарзанд туғиш, уларни вояга етказиш, уй-рўзғор ишларига вақт топган ўзбек аёли нима сабабдандир ўзига қарашга вақт топмайди.

Франциядаги машҳур атторлик компанияларининг Ўзбекистондаги расмий дистрюбитори бўлмиш “Вендоме ривера” фирмаси вакиласи сўнгги вақтларда ўзбек аёллари орасида доимий мижозлари пайдо бўлаётгани, аммо улар сони кўп эмаслигини таъкидлади.

“Менимча, ўзбек аёли ҳам қиммат, бироқ сифатли атир-упани ўзига раво кўриши керак. Улар ҳам Европа аёллари каби бу маҳсулотлардан фойдаланишга муносиб-ку”, - деди у.

Кўргазмага қўйилган атир-упаларга суқ билан қараётган саноқли ўзбек аёллари ҳам маҳаллий хотин-қизлар рўзғор ташвишидан ортмаётгани учун ўзига оро беришга вақт топа олмаётганини билдирди.

“Бундай жойга келиш учун қайнона, қайнота ва эрнинг рухсатини олиш керак. Ўзбек аёллари, аввало, оиласи, бола-чақасини ўйлайди. Ўзини ўйлаш эса охирига қолади. Аёлларимиз ўзига қарашга ҳам вақт топиши керак”, - деди кўргазмага келган ўзбек аёллари.

Уларнинг қўшимча қилишича, кўргазмада намойиш этилаётган атир-упа маҳсулотлари кўпчиликнинг чўнтагига мос эмас.

Кўргазмага қўйилган атторлик маҳсулотлари нархи 3 минг сўмдан бир неча юз минг сўмгача боради.
XS
SM
MD
LG