Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Кустанайда ўзбекистонлик мардикорлар ушланди


Қозоғистоннинг Кустанай вилоятида миграция полицияси томонидан ноқонуний ишлаётган 51 киши ушланди. Ўзбекистонлик бўлган бу шахслар ўз ватанига қайтариб юборилиши мумкин.

Кустанай вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Елена Кашаринанинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ўзбекистонлик мардикорларнинг шахси аниқланиб, бу кишилар Қозоғистон ҳудудида ишлаш ҳуқуқисиз якка тартибда рўйхатдан ўтгани маълум бўлган. Улар ишлаган корхона раҳбари хорижий ишчи кучидан ваколатли органларнинг рухсатисиз фойдалангани учун маъмурий жазога тортилган.

Е.Кашаринанинг билдиришича, ўзбекистонликлар Кустанайдаги темир-терсак йиғадиган “Титан” корхонасида ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилган. Уларнинг ётиш-туриши, ейиш-ичиши ҳам гастарбайтерларга хос бўлган.

Е.Кашарина ўзбекистонлик мардикорларнинг Қозоғистонга келиши кўпайгани кузатилаётганини маълум қилди.

“Миграция полицияси томонидан ушланган ўзбекистонликлар Қозоғистон ҳудудида қонуний яшамоқда. Улар мамлакатимизга келиши сабабини шахсий сафар сифатида кўрсатиб, қонуний рўйхатдан ўтган. Лекин уларда Қозоғистонда ишлаш ҳуқуқи йўқ. Бундай қонунбузарлик учун ўзбекистонликлар республика ҳудудини тарк этиши лозим”, - деди Е.Кашарина.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли ва ўзбекистонлик мардикорлар ўртасидаги муносабатлар яхши. Улар ўртасида ўзаро зиддият бўлгани ёки жанжал чиқиш ҳолатлари қайд этилмаган. Маҳаллий аҳоли ўзбекистонликларнинг бола-чақасини боқиш учун пул ишлагани келганини яхши тушунади.

Қозоғистонда ишлаб қайтган олим Бахтиёр Исабековнинг сўзларига қараганда, қўшни давлатда қора ишчи кучи сифатида фойдаланилаётган ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади. Энг ачинарлиси, уларнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Ўзбек мардикорлари ёллаган шахс қанча тўласа, шунга кўниб ишлашга мажбур.

“Ўзбекистон ҳукумати четда ишлаётган фуқаролари ташвишини қилиб, уларнинг ҳимоясини таъминласа, яхши бўларди. Бу борада Қозоғистон раҳбарияти билан келишувга эришиш лозим”, - деди Б.Исабеков.
XS
SM
MD
LG