Линклар

logo-print

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари дарсликсиз қолди


Феруза Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги ўзбек мактаблари ўқувчилари янги ўқув мавсумини дарсликларсиз бошлади. Чунки бу ерда ўзбек мактаблари учун дарсликлар нашр этиш яхши йўлга қўйилмаган.

Шўролар даврида Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун керакли дарсликлар Ўзбекистондан келтириларди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон лотин ёзувига ўтганидан кейин кераксиз бўлиб қолган кирилл ёзувидаги дарсликлар Қирғизистондаги миллатдошларга жўнатиб турилган. Бироқ ҳозир Қирғизистондаги ўзбек мактабларида бундай захиралар тугаб, улар дарсликларсиз қолмоқда.

Қирғизистондаги ўзбекларинг бу муаммоси Ўзбекистонни ташвишга солмаётган кўринади. Зеро, Халқ таълими вазирлиги ходимларидан бири бу муаммони Қирғизистон ҳукумати ҳал этиши лозимлигини таъкидлади ва ўз таъкидини Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги қирғиз мактабларини бюджет ҳисобидан таъминлаши билан изоҳлади.

Вазирлик ходими Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дарсликлар билан таъминлаш борасида ўзаро келишув йўқлигини маълум қилди.

Зиёли Бахтиёр Исабековнинг фикрича, Қирғизистондаги ўзбек мактаблари ўқувчилари тўлақонли таълим олиши учун кўпроқ Ўзбекистон томони масъул бўлиши керак. Чунки бу Ўзбекистон ҳукуматининг миллий бурчидир ва у миллатнинг яхлитлиги учун жон куйдириши керак.

Б.Исабеков Ўзбекистон ҳукуматининг таълим соҳасида йўл қўяётган лоқайдлиги туфайли бутун Туронзамин бўйлаб сочилган ўзбек миллати бутунлай парчаланиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

“Яқин йилларда Ўзбекистондаги ва ундан ташқаридаги ўзбеклар ўртасида тавофут пайдо бўлиши ҳамда бу миллатнинг келажаги учун катта фожеа ясаши мумкин”, - деди Б.Исабеков.
XS
SM
MD
LG